Давлат хизмати фаолиятида янги давр бошланди
Мамлакатимизда ислоҳотлар янги сифат босқичига кўтарилди. Буни давлат ва жамият қурилишининг барча тармоқларида амалга оширилаётган сифат ўзгаришларида кузатиш мумкин. Ёшлар ва кам таъминланганлар билан ишлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида туб ислоҳотларни амалга ошириш, “маҳаллабай” ишлаш орқали ҳар бир оиланинг муаммоларига кириб бориш шулар жумласидандир.
Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан давлат хизматини ислоҳ қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда “30 йилдан буён кейинга сурилиб келаётган масалалар ечимига қаратилди ва 35 миллион аҳолимизнинг ҳаётини енгил қиладиган, кайфиятига бевосита таъсир кўрсатадиган – давлат хизматини ислоҳ қилиш ҳамда бошқарувда натижадорлик ва сифатни ошириш” ҳақида сўз борди. Таъкидлаш жоизки, бу даражада кескин ва конструктив, ҳар бир каттаю-кичик мансабдорга тегиб кетадиган йиғилиш бўлганлигини эсламайман.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари давлат хизматида 118 минг ходим меҳнат қилаётганлиги, ходимларга самарали ишлашлари учун муносиб шароитлар яратилганлиги, улар сафини ёш кадрлар билан тўлдириш борасидаги саъй-ҳаракатлар мунтазамлик касб этганлиги, айниқса, давлат хизматида 40 ёшгача бўлган ходимлар сони 37 фоиздан 61 фоизга етганлиги, шунга қарамасдан, ҳали давлат хизмати чинакам халқни рози қиладиган тизимга айланмаганлигини алоҳида таъкидлади. Бу келтирилган рақамларга эътибор қаратилса, давлат хизматида меҳнат қилаётган кадрлар ўз устида тинимсиз ишлаши, билими ва касб салоҳиятини мунтазам ошириб бориши зарурлиги, аҳоли билан ишлаш, мурожаатларга жавоб бериш, инсонлар психологиясини яхши билиш, шунга мос равишда муомала ва шахслараро мулоқот маданиятини мукаммал эгаллаши зарурлиги аён бўлади.
Йиғилишда илгари сурилган муҳим масалалардан бири сўнгги 2 йил давомида чуқур муҳокамалар асосида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун тайёрланганлигидир. Ушбу қонун билан белгиланаётган янги тизимнинг ҳар бир идора ва ҳудуд кесимида қандай ишлаши, бу борада турган устувор вазифалар таҳлилий муҳокама қилинди.
Ҳозирги кунда кўпгина давлат корхона, муассаса ва ташкилотларига ходимларни АРГОС тизимида онлайн ҳужжатлар қабул қилиш орқали ишга олиш масаласи йўлга қўйилган. Йиғилишда бундан буён давлат идораларига ишга қабул қилишнинг очиқ-ошкора тизими жорий этилиши айтиб ўтилди. Шу муносабат билан йил якунигача барча вакант лавозимлар очиқ ягона электрон платформага жойлаштирилиши, бўш лавозимга танловда иштирок этиш учун ҳозирги кунда талаб этилаётган 16 та ҳужжат сўралмаслиги, барча жараёнлар электрон шаклга ўтказилиши ва очиқ танлов орқали номзоднинг билим-тажрибаси ҳамда салоҳияти аниқланиши таъкидланди.
Албатта, бу тизим ишга қабул қилинадиган талабгорлар учун катта имконият яратади. Мазкур ишга қабул қилиш жараёнида инсон омили нолга тенглаштирилади. Бюрократизмга маълум даражада барҳам берилади. Шу муносабат билан, давлатимиз раҳбари йил якунигача ишга қабул қилишнинг очиқ танлов тизимини барча идораларда жорий қилиш бўйича топшириқ берди.
Албатта, ўзим ҳам икки йил давомида Олий Мажлис ҳузуридаги Ёшлар парламентида фаолият кўрсатиб Олий кенгаш депутати, Олий кенгаш депутати ёрдамчиси, сектор раҳбарлари, маҳалла раиси ва маҳалла фаоллари билан аҳоли, хусусан, ёшлар билан ишлаш, маҳалладаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича маълум тажриба тўпладим, десам муболаға бўлмайди. Шунингдек, “Келажак лидерлари” клубида координатор сифатида фаолият кўрсатиб, давлат хизмати, давлат хизматчисининг фаолияти қирралари, ёшлар билан ишлаш масаласида маълум билим ва тажрибага эга бўлдим. Ўйлайманки, буларнинг барчаси келажакда давлат хизматида маълум вазифа ва лавозимларда муваффақиятли фаолият кўрсатишда асос бўлади.
Йиғилишда мен ва мен каби ёшларни қувонтирган масалалардан яна бири Президентимизнинг – ҳар бир вазирлик ва ҳокимлик кадрлар танлашни олийгоҳлардан бошлаши зарурлиги, бу тажрибани тизимли йўлга қўйиш учун ҳар бир вазир ва вилоят ҳокими бир ой муддатда ёш мутахассисларни танлаш дастурини эълон қилиши, дастур доирасида олийгоҳларнинг битирувчи курсларида ўқиётган қобилиятли ёшлар сараланиб, вазирлик ва ҳокимлик тизимида стажировка ўташи ва ўқишни тамомлагач, танлов асосида ишга қабул қилиниши, бунда, нафақат ўзимиздаги олийгоҳ талабалари, балки нуфузли хорижий олийгоҳларда ўқиётган ёшларимиз ҳам қамраб олиниши масаласи бўлди. Бу дастур албатта, истиқболда давлат хизматига ёш, салоҳиятли, замонавий билимларни ўзлаштирган креатив фикрловчи кадрлар кириб келишига кенг йўл очади.
Шу мақсадда 1 ноябрдан эски намунадаги “объективка”дан воз кечилиб, илғор IT-технологиялар асосида ходимнинг малакаси ва салоҳияти, эришган натижаларини баҳолайдиган тизимга ўтилиши, ходимни баҳолашда қайси олийгоҳни битиргани ёки қаерда ишлагани эмас, балки, қандай билим-тажрибага эгалиги ва кўрсатган натижалари асосий мезон бўлиши шартлиги айтилди ҳамда “Оддий қилиб айтганда, раҳбарликка таcодифан келиб қолишнинг олди олинади”, деди Президент.
Ривожланиб бораётган иқтисодиёти, сиёсий ва ижтимоий равнақи билан дунё ҳамжамиятига дадил кириб бораётган Ўзбекистонда Президентимиз раҳбарлигида бошланган кадрлар сиёсатини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар янги сифат босқичига кирди. Энди юзаки, қуруқ гап-сўзлардан иборат ҳисоботлар, нутқлар билан ҳам давлатимиз раҳбарини, ҳам халқимизни алдаб бўлмайди. Шундай экан, давлат хизматига фақатгина соф виждонли, юксак билим ва дунёқарашга эга, замонавий талабларга мос кадрларнинг кириб келиши халқимизнинг фаровонлиги, юртимизнинг равнақини жадаллаштиради, ёшларнинг порлоқ келажагини таъминлайди, мамлакатимиз обрўси ва нуфузини халқаро майдонда юксакларга кўтаради.
Зебинисо Аҳмадова,
“Келажак лидерлари” клуби координатори
ЎзА