Давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидалари
Бухорода Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида ўқув-амалий семинар ўтказилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Адлия вазири ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбари Худоёр Мелиев, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Шерзод Мажидов, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказининг катта ўқитувчиси, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Восид Усмонов, вилоят секторлари раҳбарлари ҳамда шаҳар, туман ҳокимлари қатнашди.
Давлат хизматчилари меҳнат қилаётган идорада ички меҳнат тартиб қоидаларига ўзгартириш киритиш ва уни Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорига мувофиқлаштириш, барча ходимларни одоб-ахлоқ қоидалари билан таништириш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиниши устидан қатъий назорат ўрнатилиши зарурлиги таъкидланди.
[gallery-9671]
Семинарда жамоатчилик вакиллари, жисмоний ва юридик шахслар билан ишлашда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш ва унинг аҳамияти, манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатларини олдини олиш масалаларида алоҳида эътибор берилди.
– Давлат хизматчилари оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритилишига кўмаклашиши керак, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Анвар Раҳматов ўз маърузасида. –Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти тўғрисидаги оммавий баёнотлар фақатгина давлат органлари ва ташкилотлари раҳбари ёки мазкур йўналиш бўйича ваколатли мансабдор шахс томонидан амалга оширилади.
Тадбир сўнгида тадбир иштирокчиларнинг саволларига масъуллар томонидан батафсил жавоб берилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА