Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий маҳорати ва малакасини ошириш давлат хизматини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони ижроси, кадрлар малакасини оширишдаги хориж тажрибаси ва уни Жиззах вилоятида қўллаш масалалари юзасидан ЎзА мухбири Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали раҳбари Эркин Халбўтаев билан суҳбатлашди.
– Ушбу фармон билан белгиланган вазифаларни тўла-тўкис бажариш учун жойларда имкониятлар ва шарт-шароитлар етарлими, мазкур йўналишдаги хорижий тажрибаларнинг қайси жиҳатларини Ўзбекистон шароитида қўллаш ва амалга ошириш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайсиз?
– Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги фармонига асосан давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, янги компетенцияларга ўргатишни ташкил этишда давлат органлари ва ташкилотлари давлат фуқаролик хизматчиларининг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ҳар йили қисқа муддатли 30 соатдан 60 соатгача бўлган малака ошириш курсларидан ўтишини таъминлаши шартлиги қатъиян белгилаб қўйилган.
Давлат хизматчиларининг малакасини ошириш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш, биринчи навбатда тингловчиларнинг мақсад ва аудиторияси, малака ошириш шакллари ва усуллари, малака ошириш дастурлари ҳамда малака оширишни амалга оширувчи ташкилотларни таҳлил қилиш керак бўлади. Бугунги кунда давлат фуқаролик хизматчилари малакасини оширишни ташкил этишда ривожланган хорижий давлатларнинг тажрибасини таҳлил қилиш ва қўллаш бўйича ўқув-амалий дастурлар ишлаб чиқилиши долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Ривожланган малакатларда давлат фуқаролик хизматчиларининг малака ошириш тизимини таҳлил қиладиган бўлсак, Францияда давлат хизматчиларининг малакасини ошириш ва уларни тайёрлаш “узлуксиз касбий тайёргарлик” тушунчаси билан белгиланади. Давлат хизматчисини тайёрлаш биринчи лавозимга киришдан бошланади ва бутун фаолияти давомида малака ошириш шаклида давом этишини кўришимиз мумкин бўлади. Давлат хизматчиларининг малакасини ошириш тизимига қуйидагилар: рағбатлантириш билан боғлиқ тренинглар, малака ошириш курслари, давлат хизматидан захирага вақтинча ўтказиш ёки муҳим илмий ишланмалар учун таътил бериш кабилар киради.
Францияда кадрларни танлашда кенг қамровли тайёргарликдан ўтган, шу жумладан, бошқарувчи, маълум бир соҳада чуқур билимга эга бўлган ходимларга устунлик берилади. Мансаб поғоналарида кўтарилишида 20 баллик шкала бўйича сертификатлаш пайтида бевосита раҳбар томонидан бериладиган касбий фазилатларни баҳолаш асосида амалга ошириб борилади.
Бу давлатдаги ҳар бир вазирлик қошида малака ошириш курслари мавжуд, шунинг учун ҳар бир мансабдор шахс ўз бўлимида зарур касбий билимларни олган ҳолда ўқитилади. Ўқув жараёнида назарий материаллар амалиёт билан уйғунлаштирилади, давлат аппаратининг турли органларида стажировкалар ўтказилади.
– Европанинг бошқа давлатларида, айтайлик, Германияда бу масалага қандай эътибор қаратилган?
– Германия Федератив Республикасида узлуксиз таълим давлат хизматида лавозимлар поғонасида кўтарилиши учун зарурий шарт эканлиги белгилаб қўйилган. Германияда давлат хизматчиларининг бошланғич тайёргарлиги билан шуғулланадиган университетлар билан бир қаторда ўқув муассасалари мавжуд бўлиб, уларда ишлаётган мансабдор шахслар малака ошириш махсус курсларидан ўтиши шарт. У ерда малака ошириш курслари тегишли фаолият турлари бўйича ўтказилиб, масалан, иқтисодчилар юридик фанлар бўйича, ҳуқуқшунослар эса аксинча, иқтисод бўйича малака оширади ва ҳоказо. Раҳбарлик лавозимларида эндигина иш бошлаётган мансабдор шахслар учун ҳам махсус курслар ташкил этилган.
Шунингдек, ўқув фаолияти давомида уларга керак бўладиган кўникмалар: мулоқотлар, жамоада ишлаш қобилияти ва тизимли фикрлашни ривожлантиришга қаратилган курслар ташкил этилади. Касбий ривожланиш жараёнида кўп вақт амалиётга ажратилади. Ҳозирги кунда малака ошириш соҳасида давра суҳбатлари, “ақлий ҳужум”, эркин баҳс-мунозаралар каби фаол ўқитиш усулларига жуда ҳам катта эътибор қаратилган.
– Эшитишимизча, Aмерика қўшма шататларида ҳам давлат хизматчиларининг касбий малакасини оширишга катта эътибор қаратилар экан?
– Тўғри таъкидладингиз, АҚШда ҳам барча вазирлик ва идораларда малака ошириш курслари ташкил этилган. Бунда давлат органлари раҳбарларини қайта тайёрлашга алоҳида ўрин берилади. Самарали ишлаш, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиш, доимий равишда ўзгариб турадиган қонун ҳужжатларига тезкор жавоб бериш ва белгиланган вазифаларни ҳал қилиш қобилиятига эга бўлиш учун AҚШ давлат хизматчилари доимий равишда ўз билим даражасини ошириб боради ва доимий равишда ўзларининг касбий маҳоратини оширишади.
– Ҳар қандай давлатда касбий натижаларга эришиш, меҳнат фаоллигини ошириш ва давлат органлари ходимларининг рағбатлантиришини оширишга ёрдам берадиган аниқ ва мақсадли кадрлар тайёрлаш ва ривожлантириш дастурлари бўлиши керак, шундай эмасми?
– Ҳеч шубҳасиз, шундай.
– Хўш, бу масалага мамлакатимизда эътибор қай даражада?
– Юқорида айтганларимиздан келиб чиқиб, қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар тенденциясига мос равишда давлат фуқаролик хизматчиларининг малакасини оширишнинг кейинги 3 йиллик истиқболли режаларини ишлаб чиқиш зарур. Ушбу Дастур ўзида давлат фуқаролик хизматидаги кадрлар таркибини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, улар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, айниқса хорижда амалиёт ўташ бўйича ишларни тизимли йўлга қўйиш, жараёнларни амалга оширишда замонавий ва ахборот-коммуникация технологиялардан самарали фойдаланиш борасидаги ишларни устувор йўналишлар сифатида белгилаб олиш мақсадга мувофиқдир.
Кейинги 5 йил давомида мамлакатимизда иқтидорли кадрларни танлаб олиш, кадрлар захирасини яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириб боришга ҳукумат миқёсида эътибор қаратилаётир. Ва бу ўзининг ёрқин самараларини бермоқда.
ЎзА мухбири Абдужалол ҚАЮМОВ суҳбатлашди