Давлат хизматчиси қандай бўлиши керак?
Бугун давлат фуқаролик хизматчиси ўзининг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, одамлар билан муносабатдаги муомаласи, фуқароларнинг оғирини енгил қилиш, масъулиятни ўз зиммасига олиш каби алоҳида фазилатлари билан бошқаларга ўрнак бўлиши, айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат, жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик руҳида тарбиялашдаги роли ва иштироки муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори билан давлат хизматчисида давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш, ахлоқ нормаларига доимий риоя қилиш, масъулият, касбига садоқат ва ҳалолликни кундалик шиорига айлантириш, мураккаб вазифаларни бажаришда ҳамкасбларига кўмаклашиш каби муҳим фазилатлар бўлиши кераклиги мустаҳкамлаб қўйилди.
Давлат хизматчиси фаолиятини белгиланган тартиб ва меъёрлар асосида олиб бориши, ўзидаги юксак инсоний фазилатлар билан одамларга манзур бўлиши лозим. Шунда унинг фаолияти самарали бўлади, қолаверса, у орқали одамларнинг давлатга, эртанги кунга бўлган ишонч ва умиди мустаҳкамланади.
Мамлакатимизда Давлат фуқаролик хизматини ташкил этиш борасида бир қатор ютуқларга эришилган бўлсада, афсуски давлат бошқарувидаги айрим раҳбар ходимларнинг турли даражада ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Мавжуд иллатларнинг ижтимоий сабабларини аниқлаш, уларни келтириб чиқараётган омилларни таҳлил этишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Бугунги кунда давлат хизматчиси, ташаббускор, билимдон, юксак маданиятли, ҳалол ва ўз касбининг устаси бўлиши керак. Бундай ходим ҳар қандай вазият ва шароитга тўғри ёндаша олади, ҳодиса ва воқеаларга дадил, одил ва холисона баҳо беради, ҳақиқий талаб ва адолатли иш услубини вужудга келтиради, меҳрибон инсон сифатида катта мавқега эга бўлади.
“Давлат хизматчисининг фазилатлари” тушунчаси Ўзбекистон Республикаси бошқарув соҳасида гарчи ҳали кўп тадқиқ этилмаган, қонуний асослари босқичма-босқич шаклланиб бораётган бўлса-да, ўзбек давлатчилик тарихида бу борада кўплаб маълумотлар мавжуд. Жумладан, Абу Наср Фаробий “Фозил одамлар шаҳри” асарида ўз даври ва кейинги давр давлат хизматчиси учун лозим бўлган “12 та фазилат ва хислатлар” ни келтириб ўтган.
Асарда келтирилишича, раҳбар шахс соғлом, суҳбатдошининг фикрларини тез тушунадиган, фикрини равшан тушунтира оладиган, нафсини тия оладиган, адолатли, билимли, ориятли, қатъиятли бўлиши керак.
Шу ўринда давлат арбоби ва буюк мутафаккир Алишер Навоий фикрларига эътибор қаратсак. “Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами”. Улуғ бобомиз бу билан бизга дунёда инсонларнинг дарду ташвишларини, халқ ғамини ўйламай яшайдиган фазилатсиз инсонни одамлар қаторига қўшиб бўлмаслигини таъкидлаганлар.
Буюк давлат арбоби Амир Темурнинг “Темур тузуклари” давлат бошқаруви ва давлат хизмати ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга. Унда, айниқса, давлат хизмати соҳасида фаолият юритувчи кадрлар учун таъкидланган сифатлар бугунги кунда ҳам долзарбдир.
Маълумки, Амир Темур “Куч – адолатдадир” деган шиорга қатъий риоя қилган ҳолда мамлакатни бошқарган. Соҳибқирон мазкур шиорга ўзи амал қилиш билан бирга вазирларни ҳам унга амал қилишга ундаган. Вазирлар, давлат хизматчиларига қўйилган бошқа сифатлар айнан шу шиордан келиб чиқиб шаклланган, дейиш мумкин.
Соҳибқирон адолатпарварлик, ватанга садоқат, қатъият каби фазилатларни улуғлаган. Хушмуомалалик, сабр-матонатлилик, одиллик каби сифатларни ўзида мужассам қилган Соҳибқирон бошқа амалдорлардан ҳам шундай фазилатларни талаб қилган.
Амир Темур ҳукмдорнинг мансабдор шахсларни танлаб олиш ва уларни жой-жойига қўйиш қобилиятини ҳокимиятни амалга ошириш ва мустаҳкамлашнинг бош шарти, деб ҳисоблаган. Жумладан, “Темур тузуклари”да таъкидланганидек, вазир лавозимига номзод шахслар қуйидаги тўрт фазилатга эга бўлиши лозим бўлган. Биринчиси – асиллик, тоза насллилик, иккинчиси – ақл, фаросатлилик, учинчиси – сипоҳу раият аҳволидан хабардорлик, уларга нисбатан хушмуомалада бўлишлик, тўртинчиси – сабр-чидамлилик ва тинчликсеварлик.
Албатта, ушбу фазилатлар эгаси бўлган давлат хизматчилари бугунги кунда ҳам юксак қадрланиб, бундай давлат хизматчиларини тайёрлаш ва уларни жой-жойига қўйиш муҳим вазифалардан биридир. Барчамизга маълумки, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” ги қонунда давлат фуқаролик хизматига кириш танлов асосида номзодни давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинлаш орқали амалга оширилиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Номзоднинг алоҳида қобилиятлари, шу жумладан, унинг касбий-маънавий фазилатлари ва алоҳида хизматларини холисона ва адолатли баҳолашда меритократия тамойили қўлланилаётганлиги танлов жараёнларининг самарали бўлишига замин яратмоқда. Қолаверса, давлат фуқаролик хизматчиларининг раҳбарлик лавозимларини малакали кадрлар билан тўлдириш мақсадида давлат фуқаролик хизматчиларини марказлаштирилган ҳолда саралаб олиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва узлуксиз малакасини ошириш тизими йўлга қўйилди.
Дарҳақиқат, Давлат фуқаролик хизмати муносабатларида давлат хизматчисининг одоб-ахлоқи ва унинг фазилатлари муҳим ўрин тутади. Зеро давлат хизматчисининг ахлоқий фазилатларини тарбияламасдан, унинг шахсий ва профессионал қобилиятини ривожлантирмасдан туриб, улардан самарали фаолиятни кутиб бўлмайди. Давлат хизматчиси аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ечимини таъминлайдиган шахс бўлиб, у ҳалол ва адолатли, хизмат вазифасига садоқат ва масъулият билан ёндашадиган, умуман инсонлар билан бўладиган муомалада ҳар томонлама ўйлаб, муомала қилиш қоидаларига риоя қилиш фазилатларига эга бўлиши лозим.
Давлат хизматида бундай тамойилларнинг давлат ва жамият ривожида муҳим омил бўлиб хизмат қилганлигини ривожланган давлатлар тажрибасидан ҳам билиш мумкин. Масалан, “Осиё йўлбарси” деб ном олган Сингапурнинг ривожланишида юқори малакали ва ахлоқий фазилатларга эга давлат хизматчиларининг ўрни ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлган.
Бу ҳақда 25 йил Сингапур Бош вазири лавозимида фаолият юритиб, ўз мамлакатини қолоқ давлатдан дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига олиб чиққан Ли Куан Ю шундай дейди: “Ҳукуматда лаёқатли вазирлар ва уларга ёрдам берган юксак ахлоқий фазилатларга эга давлат хизматчиларининг борлиги Сингапурнинг муваффақиятли тараққиётини таъминлашда асосий, ҳал қилувчи омилга айланди”.
Миллий маънавиятимизнинг қадим удумига кўра раҳбарнинг, юрт бошқарувчининг энг асосий фазилати адолат саналган.
Давлатимиз раҳбари яқинда Навоий вилоятига ташрифи давомида халқ депутатлари вилоят Кенгашида нутқ сўзлар экан раҳбарлардан ўз фаолиятида адолатли ва халқпарвар бўлиши лозимлиги, ўзини қийнаб халқнинг ишончини қозониши ва уни рози қилиб яшаши кераклигини алоҳида таъкидладилар.
Дарҳақиқат, давлат хизматчиси ўз вазифасини нафақат ижро этиши, балки уни қандай ижро қилиши ҳам муҳим масала. Унинг халқ олдидаги масъуллигини ҳис қилишида касбий салоҳиятидан ташқари, унинг шахсий сифат ва фазилатларини белгиловчи механизмларни шакллантириш лозим. Зеро, жамиятда қонун устуворлигига эришиш учун қонунларга риоя этиш мажбуриятга эмас, инсоний фазилатга айланиши лозим.
Бундай инсонларнинг ҳаёт тамойилида эзгулик, бунёдкорлик, ҳалоллик, адолат устувор бўлади. Аслида ана шундай инсоний ақида ҳар бир давлат хизматчиси фаолиятида намоён бўлиши лозим. Чунки ахлоқ инсоннинг шахсий қадрияти сифатида унинг фаолиятига кўчади ва уни самарали қилувчи кучга айланади.
Зафар Султонов,
Давлат хизматини
ривожлантириш агентлиги
Навоий вилояти филиали раҳбари
ЎзА