“Давлат хизматчиси кутубхонада бир кун”
Aҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилояти ахборот-кутубхона марказида “Давлат хизматчиси кутубхонада бир кун” лойиҳаси бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона филиали билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда туман-шаҳарлар ҳокими ўринбосарлари, ижтимоий соҳада меҳнат қилаётган ходимлар, ёшлар иштирок этди.
Мамлакатимизда аҳоли ўртасида китобхонликни ривожлантириш, китоб мутолаасига қизиқтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Давлат фуқаролик хизматчилари ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишда Фaрғонa тaжрибaси йўлга қўйилган бўлиб, унинг доирасида кўплаб тадбирлар ташкил этиляпти. Вилоят ҳокимининг “Давлат хизматчиси кутубхонада бир кун” лойиҳасини ташкил этиш ва ўтказишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида яна бир ташаббусга қўл урилиб, мазкур лойиҳа ташкил этилди.
– Лойиҳани ўтказишдан асосий мақсад давлат хизматчилари ўртасида касбий малака ва кўникмаларни доимий равишда ривожлантириб бориш, китобхонликка жалб қилиш, уларнинг орасида мутолаа маданиятини ошириш ҳамда ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашдан иборат, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона филиали раҳбари Аҳаджон Акбаров. – Бугунги кунда вилоятимизда 7 мингдан зиёд давлат хизматчилари бор. Албатта, улар ўртасида китобхонликни ривожлантириш жуда муҳим. Ўтган йилда “Китобхон давлат хизматчиси” танлови ўтказилди, давлат органларида мўъжаз кутубхоналар ташкил этилди.

“Давлат хизматчиси кутубхонада бир кун” лойиҳаси доирасида дастлаб давлат хизматчилари кутубхонага аъзо бўлди. Китоб тарғиботининг интерфаол шакллари намойиш этилди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Шерзоджон Полвонов ва бошқалар китоб мутолааси, китобхонлик ҳар бир давлат хизматчиси учун муҳим мезон бўлишини қайд этиб, ўзларининг китоб ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Самимий мулоқотда Фарғонада китобхонликни янада оммалаштириш бўйича таклифлар айтиб ўтилди.
Давлат хизматчиларининг билим кўникмаларини аниқлаш мақсадида “Заковатли ходим” интеллектуал викторина ўйини ўтказилиб, ғолиблар тақдирланди. Иштирокчилар мантиқий ва тезкор саволларга тез, аниқ жавоб беришди.
Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари намойиш қилинди, “Муваффақиятлар мактаби” маҳорат дарси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Жавлон Жовлиевнинг “Қўрқма” романи асосида яратилган фильм давлат хизматчиларига манзур бўлди.
Вилоятдаги давлат хизматчиларини китобхонлик, мутолаа маданиятини ошириш ва фаол китобхонларнинг сафини янада кенгайтириш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкилотлар билан вилоят ахборот-кутубхона маркази ўртасида меморандум имзоланди. Иштирокчиларнинг кутубхона бўйлаб саёҳатлари ташкил этилди.
М.Сулаймонов, ЎзА