Давлат хизматчиларига уй берилди
Бухоро шаҳри Амир Темур мавзесида қурилган 7 қаватли, 42 хонадондан иборат кўп қаватли иккита уй давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамда миллий гвардия ходимларига топширилди.
“Construction inwestmen” қурилиш-пудрат корхонаси бинокорлари томонидан бунёд этилган хонадонларга 15 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Барпо этилган бу иншоотнинг кенг ва ёруғ хонадонларида барча шароитлар яратилган.
Арзонлаштирилган нархда ва имтиёзли ипотека кредити асосида берилаётган замонавий турар жойнинг ҳар бир хонадони умумий тўловининг 25 фоиз бошланғич бадал тўлови ҳарбий хизматчиларнинг иш жойлари, қўмондонлик томонидан тўлаб берилди. Уйнинг қолган 75 фоизи учун узоқ муддатли ипотека кредити жорий қилинган. Бу тўлов хонадон эгаларининг ойлик маошига қаратилаётгани улар учун ҳам жуда қулай. Шинам, барча қулайликларга эга янги уй ҳовлиси ободонлаштирилган, болалар майдончаси барпо этилган.
Замонавий ва шинам уйларни эгаларига топшириш маросимида вилоят ҳокими, вилоят ҳарбий -маъмурий сектори раҳбари Ботир Зарипов, вилоят ва Бухоро шаҳри ҳокимликлари мутасаддилари, секторлар раҳбарлари, давлат хавфсизлик хизмати ходимлари, жамоатчилик вакиллари қатнашди.
[gallery-8928]
Маросимда хонадон эгаларига уй калитлари тантанали равишда топширилди.
– 2010 йилдан буён ҳарбий хизматдаман, – дейди Аслиддин Раҳматов. –Шу кунгача ижарада яшардик. Касб байрамимиз кунида янги уйга кўчиб киришимиз унутилмас воқеа бўлди. Ўз уйига эга бўлиш – ҳар бир одамнинг оиласидан кўнгли тўқ бўлишидир. Айниқса, бу бизнинг ишимизда муҳим. Оиламиз учун уч хонали уй берилганидан беҳад мамнунмиз. Бу уйда фарзандларимизнинг эмин-эркин улғайиши учун барча шароит бор.
Шу куни Миллий гвардия бўйича Бухоро вилояти бошқармаси ходимларининг ҳам бир гуруҳи янги уйли бўлди.
– Давлатимиз томонидан яратилган шароитлардан мамнунмиз, – дейди оила бекаси Моҳира Баҳронова. — Байрамда бундай шинам уй-жойга эга бўлганимиздан бошимиз осмонга етди. Қаранг, ҳамма шароит муҳайё. Замонавий маиший техника жиҳозлари дейсизми, совутгичлар, ошхона жиҳозлар тўплами. Ётоқхонадаги, айниқса, болалар ётоғидаги мебель жиҳозлари кўзни қувонтиради. Биз бунчалик шинам уйга кўчиб ўтамиз деб, ўйламаган эдик.
Зариф Комилов, ЎзА