Сиёсий онг, сиёсий маданият ва сиёсий саводхонлик ҳар бир давлат ва жамиятнинг ривожланганлик даражасини белгилайдиган муҳим мезонлардан ҳисобланади. Бу уч омил ўзаро чамбарчас боғланган бўлиб, уларнинг барчаси биргаликда демократик жараёнларнинг муваффақияти ва жамият барқарорлигини таъминлайди.
Сиёсий онг шахснинг давлат ва жамият ҳаётига оид билимлари, тушунчалари ва қарашларини ифодаласа, сиёсий маданият ушбу онгнинг ижтимоий нормалар, қадриятлар ва ҳуқуқий билимлар билан уйғунлашган кўринишидир. Сиёсий саводхонлик эса инсоннинг сиёсий жараёнларда, қонунчиликда ва давлат идораларида тўғри иштирок этиши учун зарур билим ва кўникмалар йиғиндисидир.
Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, юқори даражадаги сиёсий онг ва маданият жамиятда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлайди, коррупцияни камайтиради, фуқароларнинг давлат идораларига ишончини оширади. Масалан, америкалик сиёсатшунос Шерри Розенберг ўз асарларида демократик жамиятларда фуқароларнинг сиёсий маданияти ва онги юқори бўлган сари уларнинг сиёсий фаоллиги ва давлат идораларига ишончи ҳам ошишига алоҳида эътибор қаратган. Унинг тадқиқотлари давлат бошқаруви самарадорлиги ва жамият барқарорлигини таъминлашда сиёсий маданиятнинг муҳимлигини тасдиқлайди.

Бундан ташқари, сиёсий маданият назариясининг асосчиларидан бири Габриэль Алмонд демократиянинг самарали ишлаши учун сиёсий маданиятнинг зарурлигини таъкидлаган. У сиёсий маданиятнинг ижтимоий нормалар ва қадриятлар билан боғлиқлигини илмий равишда тадқиқ қилиб, демократик институтларнинг барқарорлигини таъминлашда ушбу омилнинг аҳамиятини ёритган. Шундай қилиб, Алмонднинг фикрига кўра, сиёсий маданият инсонларнинг давлатга муносабати, ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаши билан чамбарчас боғлиқ.
Ҳозирги глобаллашув ва ахборот асрида демократик қадриятлар ҳаётимизнинг барча соҳаларига чуқурроқ кириб бормоқда. Бу жараёнда давлат фуқаролик хизматчилари ва жамият аъзоларининг сиёсий онги ва маданиятини ошириш муҳим вазифага айланмоқда. Сиёсий билим ва маданиятга эга бўлмаган шахслар, айниқса давлат хизматчилари сиёсий майдонда қўғирчоққа айланиб қолиши, манипуляция қурбони бўлиши эҳтимоли юқори. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 34-моддаси барча давлат органлари ва мансабдор шахсларни фуқароларга уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларига дахлдор ҳужжатлар билан танишиш имкониятини таъминлаш шартлигини белгилайди. Бу эса давлат хизматчилари ва жамиятда сиёсий саводхонликни ошириш учун муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади.

Ўзбекистонда жамиятда демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, сиёсий маданият ва саводхонликни оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимиз раҳбарияти томонидан белгиланган стратегик йўналишлар қаторида фуқаролик жамиятини ривожлантириш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ва сиёсий онгни юксалтириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган демократик ислоҳотлар доирасида давлат хизматчилари малакасини ошириш, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини кучайтириш масаласи муҳим ўринга эга.
Мазкур вазифани амалга ошириш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан ҳамкорликда ҳафтанинг ҳар жума куни “Сиёсий-маърифат соати” дарсларини ўтказиш йўлга қўйилган. Ушбу лойиҳа давлат хизматчиларига ва кенг жамоатчиликка мамлакат ҳамда дунё сиёсий воқеаларини, қонунчилик янгиликларини ва давлат тили қоидаларини тез ва самарали равишда етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Сиёсий ислоҳотлар билан бир қаторда, қизиқарли ва фойдали рукнларни ўзида мужассам этган ушбу онлайн дарс “МДайжест”, “Газета шарҳи”, “Маҳалладан гапирамиз”, “Мутолаа вақти”, “Нима, Қачон, Қаерда?”, “Саломатлик сирлари” каби қизиқарли рукнларни ҳам ўз ичига олади.

Шунингдек, ушбу лойиҳа рақамли платформаларда ҳам (Telegram, Facebook, YouTube) намойиш этилиб, бу орқали ахборот истеъмолчилари учун замон ва макон тўсиқларини йўқ қилишга эришилди ва сиз дунёнинг исталган нуқтасидан туриб “Сиёсий-маърифат соати” дарсларини кузатишингиз мумкин.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, сиёсий маданият ва саводхонлик табиий равишда эмас, балки доимий ўқиш, изланиш ва амалиёт натижасида шаклланадиган маънавий ва интеллектуал жараёндир. Давлат хизматчилари учун эса бу янада муҳим, чунки улар жамият ва давлат ўртасидаги кўприк вазифасини бажаради. Шу сабабли, сиёсий-маърифат лойиҳалари каби чора-тадбирлар давлат бошқаруви сифатини ошириш, демократик институтларни мустаҳкамлаш ва жамиятнинг барқарор тараққиётига хизмат қилади.
Демак, ҳар бир давлат хизматчиси ва фуқаро сиёсий билимларини мунтазам бойитиб бориши, миллий қадриятларга садоқат ва ҳуқуқий онгини юксалтириши зарур. Бу эса мамлакатимизда демократия, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти ғояларининг мустаҳкамлашувига ва халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрўсининг ошишига хизмат қилади.
М.Исмаилова
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Тошкент шаҳар бўлими раҳбари