Марҳамат туманидаги Ёшлар кутубхонасида “Китобхон давлат фуқаролик хизматчиси” танлови бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Андижон вилояти филиали ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди. Китобхонликни кенг тарғиб этиш, юртимиздан етишиб чиққан улуғ адиб ва мутафаккирларнинг бой маънавий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш, ёшлар онгига сингдириш, давлат хизматчиларининг китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳамда китобхон ходимларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилган танловда саралаб олинган 30 нафар давлат хизматчиси иштирок этди.
– Танлов иштирокчиларини саралаб олиш учун дастлаб “эссе” ёзиш бўйича онлайн танлов эълон қилинди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари Абдулҳамид Нурматов. – Вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 300 нафардан зиёд давлат хизматчиси ўзлари тайёрлаган эсселарни юбориб, танловда иштирок этиш истагини билдирди.
[gallery-18420]
Нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан юборилган эсселар сараланиб, энг яхши деб топилган 30 та эссе муаллифи танловнинг асосий босқичида иштирок этиш учун саралаб олинди.
Иштирокчилар уйғониш даври, давлат бошқарувини ташкил этиш ва жаҳон адабиётига оид китоблар асосида белгиланган шартлар бўйича ўзларининг билим, маҳорат ва салоҳиятларини намойиш этди.
Якуний натижаларга кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Андижон вилояти бошқармаси Булоқбоши тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходимаси Шаҳнозахон Қосимова биринчи ўринни қўлга киритиб, диплом, ноутбук ҳамда китоблар жамланмаси билан тақдирланди.
– Ишдан, оила юмушларидан бўшадим дегунча, китоб ўқийман, – дейди танлов ғолибаси Шаҳноза Қосимова. – Танловга тайёргарлик ва иштирок этиш жараёнида кўп китоблар ўқидим. Айниқса, давлат бошқарувини ташкил этиш, касбий фаолиятимга оид китобларни ўқиганим менга жуда қўл келди. Танловда иштирок этганимдан, ғолиб бўлганимдан беҳад хурсандман. Бу барча танлов қатнашчиларининг келгусида самарали иш олиб боришига ёрдам беради.
Танловда иккинчи ва учинчи ўринга сазовор бўлган Андижон вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходими Обиджон Усмонов ва Андижон вилояти солиқ бошқармаси ходимаси Маҳсумахон Оққўзиева диплом, телевизор, планшет ҳамда китоблар жамланмаси билан мукофотланди.
Шунингдек, мазкур танлов доирасида тузилган Ишчи гуруҳ томонидан ўрганишлар ўтказилиб, китобхонликни кенг тарғиб этиш, оммалаштириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича намунали иш олиб бораётган вилоят ташкилот ва бошқармалари ҳам аниқланди.
Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, танловнинг “Китобхон ташкилот” йўналиши бўйича Андижон вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Андижон вилояти транспорт бошқармасига, учинчи ўрин эса Андижон қишлоқ хўжалиги бошқармасига насиб этди.
Ғолиб ташкилотлар китоб жавони ва китоблар жамланмаси билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари