Давлат харидларида нархларни сунъий оширишга қарши янги механизм жорий этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган ЎРҚ–1155-сон қонун билан давлат харидлари соҳасида нархларнинг асоссиз оширилишининг олдини олиш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда коррупциявий хавфларни камайтиришга қаратилган ўзгартишлар киритилди.
Хусусан, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 33-моддасига киритилган қўшимчаларга мувофиқ, давлат харидларида сотиб олинадиган товарлар ва хизматлар нархи ҳамда уларнинг ўртача бозор нархи ўртасидаги энг кўп йўл қўйиладиган тафовутни белгилаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Эндиликда давлат буюртмачилари давлат харидларини амалга оширишда бошланғич нархни шакллантириш бўйича белгиланган талабларга риоя қилиши шарт.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга мувофиқ, давлат хариди предметининг бошланғич нархи ва унинг ўртача бозор нархи ўртасида йўл қўйиладиган тафовутнинг энг кўп миқдорига нисбатан белгиланган талабни бузиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солинади. Мазкур ўзгартишлар давлат харидларида бошланғич нархларни бозор нархларига мос ва асосли шакллантириш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш ҳамда харид жараёнларида очиқлик ва масъулиятни кучайтиришга хизмат қилади.
Қонунга мувофиқ, давлат харидларида товар ва хизматларнинг ўртача бозор нархини аниқлаш, нархлар ўртасидаги энг кўп йўл қўйиладиган чегарани белгилаш ҳамда ушбу жараён устидан назоратни амалга ошириш тартиби уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
ЎзА