Давлат харидига оид танловда яқин қариндошлар “рақобатлашди”
Давлат харидини амалга оширишда адолат бўлиши учун харидлар танлов асосида, шаффофликни таъминлаган ҳолда ўтказилмоқда.
Шундай шароитда ҳам танловларда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш, қариндошлар бир-бирини ҳимоя қилиши ёки ўзаро рақобатлашиши ҳолатларига йўл қўйилаётгани учрамоқда.
Ваҳоланки, бундай танловларда яқин қариндошлар – афилланган шахслар тоифасига киритилиб, улар бир танловда иштирок этиши тақиқланади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган “Ҳокимнинг яширин қарори ва бир-бирига бегона бўлмаган пудратчилар ҳақида” номли хабарда келтирилган ҳолатлар ўрганилди.
Аниқланишича, Президентимизнинг 2023 йил 9 февралдаги “Тошкент шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий вазифаларини жадал суръатларда ҳал этиш ҳамда аҳоли фаровонлигини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан Тошкент шаҳрининг ҳар бир маҳалласига маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун бир миллиард сўмдан маблағ ажратилган.
Ушбу қарорга асосан Олмазор туманида жойлашган 64-маҳалланинг инфратузилмасини яхшилаш бўйича режалаштирилган 64 миллиард сўмлик ишларни бажариш юзасидан пудратчилар ички танлов асосида танлаб олинган.
Ўрганишда буюртмачи томонидан 10,1 миллиард сўмлик иккита танловни ўтказиш жараёнида “Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 42-моддаси талаблари қўпол равишда бузилгани аниқланди.
Жумладан, туман ободонлаштириш бошқармасининг харид комиссияси томонидан ўтказилган танловларда ўзаро рақобатлашган “S.Q”, “O.H.G.», “N.A.» ҳамда “A.P.T” масъулияти чекланган жамиятларнинг раҳбар ва таъсисчилари яқин қариндошлар бўлиб, ўзаро аффилланган шахслар эканлиги маълум бўлди.
Бироқ, харид комиссияси томонидан аффилланган шахслар харид қилиш жараёнидан четлатилмасдан “Давлат харидлари тўғрисида"ги қонуннинг 10-, 14-, 23-, 42-моддалари ва “Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг 14-моддаси талаблари бузилгани аниқланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, шу ва бошқа қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилди.
Н.Абдураимова, ЎзА