Давлат ва жамоат арбоби нега крематорийда куйдирилган эди?
31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни
РКП(б) Марказий Комитетининг секретари Иосиф Сталин номидан Туркистон Компартияси Марказий комитетининг мафкура бўйича секретари Усмонхон Эшонхўжаевга, Туркистон Компартияси Марказий Комитети секретари О.Я.Карклинга, РКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси раиси И.М.Варейкисга 1924 йил 26 – 27 март кунлари юборилган иккита хатда айрим «сўллар»нинг Иномжон Хидиралиев ва Абдулла Раҳимбоевдек миллий раҳбарларни асоссиз равишда лавозимидан олиш учун қилаётган ҳаракат ва хуружларига чек қўйишни, Туркистонда соғлом муҳит яратиш зарурлигини, “Ўртоқ Хидиралиевдек ходимларга нисбатан бефарқ қараш жиноят ҳисобланишини” таъкидлаган эди.
Москва. 1928 йил, 31 декабрь. Кремлнинг рўпарасидаги «Националь» меҳмонхонасида фожиа рўй берди. Таниқли давлат ва жамоат арбоби Иномжон Хидиралиев фожиали ҳалок бўлди. Бу мудҳиш воқеа муносабати билан “Правда” газетаси 1929 йил 3 январдаги сонида некролог босилди.
Дафн этиш маросими комиссияси номидан “Правда” газетасининг ўша даврдаги сонларида иккита эълон чоп этилган.
Бундан кўринадики, Иномжон Хидиралиевнинг дафн маросими шошилинч ўтказилди ва унинг жасади крематорийда куйдирилди. Дафн маросими ҳақида ҳозирча бизда аниқ ёзма манба йўқ. Биз бир неча бор Москва крематориясида бўлиб, крематория архиви рўйхатида Иномжон Хидиралиевга оид қайдлар бор-йўқлигини суриштирдик. Бироқ бу борада ижобий жавоб олганимиз йўқ.
1929 йил февралда бўлиб ўтган Ўзбекистон Компартияси IV съездида РКП(б) Марказий Комитети Ўрта Осиё бюроси раиси Исаак Зеленскийнинг «Ўрта Осиёдаги ўнг оғмачилик» номли маърузаси мазмунидан И.Хидиралиев фожиаси сирлари бироз ойдинлашгандек бўлади. Маърузада И.Хидиралиев 1928 йил декабрда И. Сталин номига хат қолдириб, ўзини отгани айтилиб, шу асосда Ўзбекистонда ўнг оғмачилик мавжудлиги, ўзи эса ўша ҳаракатнинг аъзоси эканини исботлашга уринилгани ҳақидаги фикрлар ҳар қандай кишида шубҳа уйғотди.
И. Зеленскийнинг ўша нутқи Ўзбекистон Компартияси IV съезди стенограммасида сақланмоқда. Бундан ташқари, ана шу нутқ 1929 йили нашр этилган “Против правой оппозиции” (Ўнг оғмачиликка қарши) материаллар тўпламидан ҳам жой олган.
Ўрганишлар шуни крсатадики, съездда И.Зеленский И.Хидиралиев хатининг тўла матнини ўқиб беришга журъат эта олмайди, фақат кичик, ўзига маъқул парчалар келтириб унинг «ўнг оғмачилиги»ни ҳар жиҳатдан исботлашга ҳаракат қилгани, таажжублидир.
И.Зеленский Ўзбекистонда “ўнг оғмачилик”нинг юзага келишини икки ҳолат билан асосламоқчи бўлган. Биринчи ҳолат миллий масаладаги ишчилар синфи диктатураси аҳамиятини тушунмаслик, яъни Ўзбекистоннинг иқтисодий юксалиши миллий чегараланиш натижаси бўлди, деган фикрни нотўғри билиб, Зеленский Ўзбекистоннинг юксалиши, шунингдек, Ўзбекистон Совет Республикасининг тузилиши пролетариат диктатураси, Октябрь инқилоби натижаси бўлди. деб исботлашга ҳаракат қилган.
Иккинчи ҳолатни асосламоқчи бўлиб И.Зеленский И.Хидиралиев хати устидан адолатсиз фикр юритган. Эҳтимол, Хидиралиев ҳеч қандай хат ёзмаган бўлиши ҳам мумкин.
Уни айнан келтириш масаланинг туб моҳиятини бироз ойдинлаштириш имконини беради. И.А.Зеленский шундай дейди:
«...Бироқ хатда билдирилган баъзи сиёсий фикрлар диққатга сазовор. Шунинг учун ҳам диққатга сазоворки, Хидиралиев катта роль ўйнаган ва бугунги кунда ҳам катта роль ўйнаётган ходимлар қаторига киради. И.Хидиралиев ер ислоҳотини ўтказишга қаршилик кўрсатувчиларга асосланиб, шафқатсиз кураш олиб борган ходимлар қаторига киради. И.Хидиралиев шундай одамлар тоифасига кирадики, партиямизда ҳали бундайлар бор ва уларнинг баъзилари ўз дунёқарашини ўзгартиришига ишончи йўқ ҳисобида. Хидиралиев охирги вақтгача ўз дунёқарашлари билан очиқ чиқмаган эди. Бунинг устига, у пўстаги қоқилгач, юзаки равишда камбағалларни бирлаштириш зарурлиги позициясига ўтиб олганди. У бизнинг сиёсатимиз тўғрилигини номигагина тан оларди. У узоқ вақт жим юрди ва фақат ўлими олдидан қалбида асраб юрган сўзларни айтишга қapop қилди. Бу қалб сўзлари Хидиралиев билан бир пайтда партияга кирган ходимларнинг ва партиямиздан ташқарида ёки совет аппаратларида ё бизнинг совет ҳудудимизда ишлаётган кўп миқдордаги ходимларнинг фикридир.
Мен унинг хатидан баъзи жойларини ўқиб бераман. Уларда, менинг фикримча, шундай масалалар ифодаланганки, бу ҳақда бизнинг баъзи ходимларимиз пинҳона ўйлайдилар-у, аммо очиқ айтишга чўчийдилар: «Мамлакат стихияли равишда руслар билан тўлиб-тошиб кетмоқда, Москва олдида эса бу яшириляпти ва Фарғонанинг аҳолиси керагидан ошиб кетаётганлиги ҳақида гапиряптилар ва ҳоказолар».
Хидиралиев шундай деб ёзган. Бироқ Совет ҳукуматининг душмани – Мустафо Чўқаев ҳам шундай деб ёзяпти. Бу ҳақда баъзи миллатчи унсурлар, шунингдек, бизнинг зиёлиларимиз, партиясизларимизга мансуб бўлганлар ҳам гапиряпти, ҳатто баъзи партия аъзолари ҳам шундай ўйлайдилар.
Хидиралиев шундай ёзади: «Ўртаҳол деҳқон қатъий норози: бундан ташқари, «тошкентликлар»нинг (иккала рангдаги) бу маҳаллий сиёсати деҳқон хўжалигининг емирилишига олиб боради; Москва олдида буларнинг ҳаммаси бошқача талқин этиляпти».
Энди унинг ўртаҳоллар ҳақида қайғуриши олдида нималар ётганлигига бир назар ташлайлик. Қарайлик-чи, бу ерда ер ислоҳоти олдидан бизнинг баҳоларимизнинг учқунлари йўқмикан?
Сиз биласиз, бизнинг сиёсатимиз бойларнинг эксплуатация қилиш имкониятлари чегараланишига олиб келади. Бизнинг сиёсатимиз бизда йирик эксплуататорлик хўжалиги бўлишига йўл қўймайди. Бизнинг фигура, таянчимиз камбағаллар бўлишига олиб келади ва биз муштумзўрларнинг тарқалишига ва бошқарув мансабларини эгаллаб олишларига йўл қўймаймиз.
Сўнгра Хидиралиев ёзади: «Хотин-қизларни озод этишдаги билмасликлар совет ҳукумати йиллаб тўплаган обрўйини йўққа чиқаряпти, шуни ёдда тутингки, уруш бўлган чоғда деҳқон бизни қўллаб-қувватламайди».
Масала жуда ҳам аниқ қўйилган.
Фақат унинг моҳияти хотин-қизларнинг озодлигида эмас. Моҳият хотин-қизлар озодлигига баҳо беришда эмас. Унинг моҳияти уруш бўлган чоғда деҳқон бизни қўллаб-қувватлаши ёки қўллаб-қувватламаслигидадир. Агар бизнинг котибларимиз синфий муносабатларни кўриб чиқаётганларида ва синфий сиёсатимизга баҳо бераётганларида айнан шундай: ўткир тиғиз ҳолатда, имтиҳонларнинг имтиҳони бўлаётган ҳолатда деҳқонлар бизнинг ортимиздан борадиларми нуқтаи назаридан қарашлар ёмон бўлмасди, деб ўйлайман.
Шунинг учун ҳам деҳқонлар бизни қўллаб-қувватламайди, деганлар муштумзўрлар ғоясини ифодалайди. Ўртоқлар, менинг бу масалага атрофлича тўхталиб ўтганлигимнинг сабаби, ўнг оғмачиларнинг яшовчанлиги, уларга қарши зарарли кирдикорларга қарши курашимизда қўл-оёқларимизни боғлаб қўйиши ҳамда улар партиямиз ва бутун совет диктатураси учун катта зарар эканлигини кўрсатмоқчи эдим».
И.Зеленскийнинг Хидиралиев ҳақидаги фикрларини республиканинг биринчи раҳбари Акмал Икромов, ҳукумат бошлиғи Файзулла Хўжаев ҳам қўллаб чиққан. Акмал Икромов ўша қурултойдаги ҳисобот маърузасининг (1929 йил 22 февраль) «Оғмачилар билан курашиш» бўлимида И.Хидиралиев хатига сиёсий, партиявий баҳо беришга уринган.
Ахир Ўзбекистон руслар билан тўлиб-тошиб кетяпти деб вайсашнинг ўзи миллатчилик мафкураси эмасми, дея таъкидлаб, И.Хидиралиев «18 лар» аризасига қўл қўйгани, ер-сув ислоҳоти, хотин-қизларни озод қилиш, хусусий мулк эгасини сиқиб чиқариш каби соҳалар бўйича партиянинг синфий сиёсатидан бўлганларнинг биридир, ахир бундайлар партиямизда ҳозирда ҳам йўқ эмас-ку деган.
Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Совети раиси Файзулла Хўжаев ҳам юқоридан берилган расмий кўрсатма асосида иш кўриб, И.Хидиралиевга бўлган чуқур ҳурматига қарамай, И.Зеленский фикрини қўллаб ўша қурултойдаги нутқида қуйидаги фикрларни изҳор этган: «Бу ерда ўртоқ Зеленский Хидиралиевнинг ўлимидан кейин ёзиб қолдирган хатини ўқиб берди.
Шу хатда партиянинг деҳқонларга нисбатан ўтказаётган сиёсати нотўғри сиёсатдир, бизнинг сиёсатимиз натижасида ўртаҳол деҳқонлар партиямиз билан бирга бормайди ва қийинчиликлар бўлиб қолган тақдирда бу деҳқонлар бизнинг томонимизга ўтмайди дейилибди И.Хидиралиевнинг бу даъвоси, менимча, қаттиқ касалликнинг асорати ёки партия сиёсатига қилинаётган туҳматнинг натижаси бўлса керак. Бу даъво, аслини олганда, душманларимизга қўл келади ва партиямиз сиёсатига ҳеч бир алоқаси йўқ...
Таажжубки, И.АЗеленский шарҳлаган И.Хидиралиевнинг ўлими олдидан ёзган бу хатни мана қирқ йилдан бери излаб топишнинг иложи бўлмаётир. Москвадаги махфий давлат, партия, хавфсизлик хизмати архивларидан, Ўзбекистондаги тегишли архивлардан бу хат ҳалигача топилгани йўқ. Махфий сақланаётган Сталин номига ёзилган хатлар орасида ҳам И.Хидиралиевнинг хати чиқмади. Бизнингча, И.Хидиралиев «Националь» меҳмонхонасида Сталинга хат ёзиб ўзини отгани ҳақидаги И.Зеленскийнинг фикрлари ўша вақтдаги давлат хавфсизлиги хизматининг «ижоди» бўлса керак.
И. Хидиралиевнинг жасади тезкорлик билан крематорийга олиб бориб куйдирилишида ҳам бир сир бўлса керак. деб ўйлаймиз. Қотиллик изини йўқотиш учун мурдани куйдириш қулай бўлганга ўхшайди. Яна шуни айтиш жоизки, 1970-1980 йилларда биз Москвадаги бир қанча қабристонлар, жумладан, крематорий архивида бўлиб, И.Хидиралиевнинг жасади куйдирилгани ёки қайси қабристонга қўйилганини суриштирганмиз. Крематорий архивида И.Хидиралиевнинг кремация қилинганлиги ҳақида қайд мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Бу ҳам Хидиралиев ўлими олдидан Сталинга хат ёзиб ўзини ўзи отганлиги ҳақидаги Зеленскийнинг фикрлари асоссизлигини тасдиқлайди.
Фожиали ўлимидан кейин И.Хидиралиевнинг сафдошлари, дўстлари хайрия йўли билан унинг оиласига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб турдилар. Бу ўринда у билан бирга кўп хизмат қилган Коновалов, Трухан, Немцовичнинг хизматларини алоҳида таъкидлаш зарур. 1930 йил 28 майда улар ЎзССР Халқ Комиссарлари Совети раиси Ф.Хўжаевга махсус маърузанома ёзиб, унда марҳум И.Хидиралиевоиласини нафақа билан таъминлаш, биратўла 500 сўм миқдорида ёрдам кўрсатишни илтимос қиладилар. И.Хидиралиев томонидан йўл қўйилган айрим нуқсон ва хатолар унинг улкан инқилобий, бунёдкорлик фаолияти олдида ҳеч нарса эмаслигини таъкидлаб, унинг оиласига, ёш қолган қизи Махфиратга, Самарқанд давлат университетида ўқиётган ўғли Акромнинг ўта қийналаётганликлари учун моддий жиҳатдан ёрдам бериш зарурлигини қайд этганлар.
Илтимоснома хат Ф.Хўжаев қўлига 18 июль куни келиб тушган. Ф.Хўжаев ўша куниёқ аризага қуйидаги тарзда виза қўйган: «Ўртоқ Мавлонбеков! Жуда ҳам тез фурсатда кўриб чиқиш ва илтимоснинг қондирилишини сўрайман».
Эртасигаёқ ЎзССР Социал таъминот халқ комиссарлиги ҳузуридаги Республика олдида алоҳида хизматларга эга бўлган шахсларга шахсий нафақа тайинлаш марказий комиссияси хатни кўриб чиқади. «Ўртоқ Хидиралиев ўлимидан кейин қолган оила аъзоларига шу йилнинг 15 июлидан бошлаб 100 сўм ҳажмида биринчи категорияли шахсий нафақа белгилансин» деган қарор қабул қилинади. Бироқ ЎзССР Марказий Ижроия Қўмитаси раиси 1930 йил 1 августда мазкур масала кўриб чиқилади, бир фикрга келинмайди, масала очиқ қолади.
Бундан хабар топган Ўзбекистон Компартияси Марказий назорат комиссияси Президиумининг аъзоси, ЎзССР Ишчи-деҳқонлар инспекцияси халқ комиссарлиги коллегиясининг аъзоси Коновалов 1931 йил 23 сентябрда яна Ф.Хўжаев номига арзнома ёзиб, И.Хидиралиев оиласини нафақа билан таъминлаш ижобий ҳал этилмаётганини хабар қилади.
Натижада 1931 йил 1 ноябридан бошлаб И.Хидиралиев оиласи шахсий пенсия билан таъминланади.
Марҳумнинг ўғли Акром, қизи Махфират вояга етгач, 1937 йил октябридан пенсия тўхтатилди, турмуш ўртоғи эса умрининг охиригача пенсия олиб келди.
1937 ‒ 1938 йиллардаги «Катта қирғин» даврида Хидиралиев номига «ватан хоини», «буржуа миллатчиси», «аксилинқилобчи» каби ёрлиқлар ёпиштирилди, унинг шахсияти қораланди. Минг афсуслар бўлсинки, қаттол замон зайли билан ноҳақликлар, бўҳтонлар чуқур илдиз отди. Шу боис, Иномжон Хидиралиев тақдири билан боғлиқ жуда кўп архив ҳужжатлари бизгача етиб келмади. Мудҳиш 1937 ‒ 1938 йилларда унинг уйида тинтув ўтказилади.
Ўшанда унинг Андижон, Тошкентда расмий идоралардаги, Москва, Лондондаги фаолияти билан боғлиқ бўлган ноёб ҳужжатлар, эсдаликлар, фотосуратлар Андижон округи ички ишлар бўлимига топширилади. Чунки бу даврда Хидиралиевни инглиз жосуси, «халқ душмани» деб қоралашгача борилган эди. Тарихий ҳужжатларджа қайд этилишича ўша вақтларда Андижон НКВДсида ёнғин чиққан. Ўшанда нафақат Хидиралиев, балки у каби террорга учраган кўплаб юртдошларимизга оид ноёб ҳужжатлар ёниб кулга айланган. Минг афсуски, ёнғин келиб чиқиши тафсилотлари ҳақида ҳеч қандай маълумотлар сақланмаган.
Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
Андижон давлат университети профессори, тарих фанлари доктори,
АДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори.
ЎзА