Давлат ва фуқаро муносабатларида шаффофлик
Бугун мамлакатимизда халқ оғирини енгил қилиш, уларга “давлат – фуқаро” муносабатларида қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида давлат хизматлари кўрсатишнинг янги концепцияси илгари сурилмоқда.
Бу эса ўз-ўзидан аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга имкон беради. Албатта, ҳар бир соҳани ривожлантириш, янги босқичга олиб чиқишда маълум бир ҳуқуқий асослар талаб қилинади.
Давлат хизматлари агентлиги ташкил топганидан токи ҳозирги вақтгача жисмоний ва юридик шахсларга янада қулай хизмат кўрсатиш, хизмат олиш жараёнида учраётган бюрократик тўсиқларни таг-томири билан юлиб ташлаш, аҳолининг вақти ва нақдини иқтисод қилишга қаратилган бир қанча қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Ўтган даврда соҳага оид 10 дан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, шунингдек, мазкур йўналишда 80 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари, 60 дан ортиқ маъмурий регламентлар қабул қилинди.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони билан жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматини олишларида бир қатор қулайликлар яратилди.
Мазкур фармон билан 59 турдаги давлат хизматларини кўрсатиш муддатлари сезиларли даражада қисқартирилди. Биргина мисол, Техник лойиҳа ҳужжатларини келишиш хизматини кўрсатиш учун эски тартибда 30 кунлик муддат талаб этиларди. Энди бу муддат 15 кунга қисқартирилди. Ёки профессор илмий унвони бўйича давлат намунасидаги дипломни олиш учун авваллари 1 ой вақт кетса, эндиликда бу учун 1 иш куни кифоя.
Шунингдек, давлат хизматини кўрсатилиши учун ундириладиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа тўловлар миқдори баъзилари 1 баробар, баъзилари эса 5 боробаргача камайтирилди.
Мазку ҳужжатдаги муҳим банд шуки, 2022 йил 1 январдан бошлаб жисмоний ва юридик шахслардан 16 турдаги маълумотларни талаб қилиш бекор қилинди. Бу дегагани эндиликда фуқаролар мутасадди ташкилотлар эшиги ортида “справка” олиш учун соатлаб навбатга турмайди. Яна шундай маълумотномаларки, иш ҳақини тасдиқловчи, кам таъминланган оила ёки оила аъзоси сифатида рўйхатга олинганлигини, давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганлигини, олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотлари каби кундалик ҳаётда энг кўп талаб қилинидиган “справкалар”.
Хулоса қилиб таъкидлаш лозимки, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги ушбу фармон давлат органлари фаолияти самарадорлигини, тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлайди, уларнинг фуқаролар олдидаги масъулияти ва ижро интизомини кучайтиришга хизмат қилади.
Қайим Холов,
Давлат хизматлари агентлиги
Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи