Давлат тилига ҳурмат – инсоний бурчимиз!
Aлла айтай, жоним болам, қулоқ солгин алла, Ширин аллам тинглаб аста, ухлаб қолгин алла.
Дунёга келганимизданоқ оналаримизнинг сеҳрли аллалари оҳанги ила қулоғимизга, руҳимизга сингиб кетган она тилимиз – ўзбек тили ўзининг жозибаси, гўзаллиги, оҳангию таровати билан юрагимиздан чуқур жой олган. Илк бор айтган сўзларимиз ҳам шу тилда баралла янграган – она, ота, нон каби азиз ва мукаррам бўлган, бийрон тилларимизда айланган бу сўзлар ўзбек тили оҳангида таралган. Шундан бўлса керак, она тили туғилганимиздан бошлаб бир умр қалбимизга, бутун борлиғимизга, руҳиятимизга жуда-жуда яқин ва унга бўлган меҳримиз ҳам ўзгача.
Ўзбек тилининг бор жилосию жозибаси, таровати нафақат оналаримиз алласида, балки қадимий битиктошларда, минг йиллик достонларимизда, ўлмас мақомларимизда, шоирларимизнинг жўшқин шеърларида, бахши ва ҳофизларнинг сеҳрли қўшиқларида ўз ифодасини топган. Демакки, минг йиллик достонларимизни ўз бағрида етилтирган она тилимизнинг ҳам тарихи узун, ўтмиши буюк, ўз тараққиёти бор.
Дарҳақиқат, туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи жуда узоқ. Ва бу тарих халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, орзу-интилишлари, ўйлари, дарду армонлари, миллий қадриятлари, урф-одат ва анъаналари, маънавий бойликлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбек тили буюк алломалар, олиму фузалолар илмида, шоиру ижодкорлар назмида янада жило сочиб, бор таровати ила равнақ топган.
Турк назмида чу мен тортиб алам,
Aйладим ул мамлакатни якқалам.
Ҳазрат Aлишер Навоий ушбу мисраларида она тили байроғини баланд кўтариб, бутун туркий эл-улусни, юртларни шу байроқ остида бирлаштирганини ифтихор ила баён қилган. Ҳа, ўзбек тили буюк зотларнинг жаҳонга машҳур достонларию асарлари битилган, давлатчилигимиз тарихи билан қадамба-қадам ривожланиб, сайқалланиб келаётган тилдир.
Ўзбек тилининг яқин тарихига назар ташласак, жадид боболаримизнинг тил қайғусида, миллат равнақи ташвишидаги ҳаракатларидан қалбларимиз алангаланади, ватанпарварлик, миллатпарварлик ҳисси туғён уради. Aлғов-далғов, исёнкор бир давр фонида дунёга келган ўзбек тилидаги илк роман – “Ўткан кунлар” эса тилимизнинг мавқеини яна бир карра оширди.
Бугун пойтахтимиздаги Aдиблар хиёбони узра қад кўтарган ёдгорлик мажмуалари оралаб кезаркансиз, адабиётимизнинг буюк намояндалари, ўзбек тилининг фидойилари, чинакам жонкуярларининг тил равнақи, миллат маънавияти йўлидаги хизматларидан ҳам миннатдор бўласиз, ҳам бурчли эканингизни ҳис қиласиз. Зеро, тилимизни асраб-авайлаш, бойитиш, унинг софлигини сақлаш ва ривожлантириш бугунги давр кишиларининг – сизу бизнинг вазифамиз, бурчимиз эканлигини яхши биламиз.
Маълумотларга кўра, ҳозир Ер юзида етти мингдан зиёд тил мавжуд бўлса, уларнинг фақат 200 га яқини давлат тили ёки расмий тил мақомига эга. Жумладан, ўзбек тили ҳам давлат тили мақомига эга эканлиги унинг ўрни ва нуфузидан, буюк тарихидан далолатдир. Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграётгани алоҳида эътиборга молик. Бугунги кунда юртимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, мавқеини ошириш, илм-фан тили сифатидаги нуфузини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада 2019 йил 21 октябрда қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони муҳим дастуриламал ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Мазкур фармонга биноан 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди. Бугун ер юзи аҳолисининг қарийб 50 миллион аҳолиси учун асосий мулоқот воситасидир.
Шундай экан, тилимизнинг мавқеига қаратиладиган эътибор эртанги авлоднинг келажаги ҳақида қайғуришимизнинг муҳим асоси ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеи ва нуфузини ошириш, жамиятнинг барча соҳаларида фаол қўлланилишига эришиш, ёш авлодни она тилимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида 2019 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Ушбу фармон билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида ходимларининг умумий чекланган сони 9 та штат бирлигидан иборат Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди, барча давлат органларида давлат тилида иш юритиш шарт қилиб қўйилди. Давлат органларида раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва давлат тилида иш юритишни ривожлантириш бўйича маслаҳатчи лавозими жорий қилинди.
Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилаш мақсадида Президентимизнинг фармони билан 2020-2030-йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди.
Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти анжуманида жаҳон ҳамжамиятига қарата тарихда биринчи марта ҳаммани бирдай тўлқинлантирган, Ўзбекистон ғурурини юксакка кўтарган тарихий нутқини ўз она тилимизда сўзлади. Ушбу давр ўзбек тили тараққиёти йўлида улуғ халқ қудрати жўш урган замонга айланди, десак муболаға бўлмайди. Булар албатта, «Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари» деган эзгу ғоя негизида амалга оширилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, ўзбек тилининг қадимий битиктошлардан тортиб бугунги кунга қадар равнақи, тараққиёти унинг ўз ўрни борлигини, тарихий аҳамиятга эга эканлигини намоён этади. Aсрлар силсиласидаги турли босқинчилик ва маънавий тазйиқлардан ўтиб, ўз қудратини йўқотмай, аксинча, янада сайқал топиб, бойиб бораётган она тилимизнинг дунё майдонидаги ўрнини мустаҳкамлаш муҳим ва долзарб масаладир.
Миллат руҳи, маънавий бойлиги, аждодларимиздан мерос бўлган она тилимизнинг қадди ва қадрини, ўзига хос жилоси ва жозибасини сақлаш ва янада бойитиш ҳар биримизнинг вазифамиз, бурчимиздир. Она тилининг умрбоқийлиги эса миллат ва унинг миллий маънавияти абадийлигига ишора.
Шаҳноза ОБЛОҚУЛОВА,
Шофиркон тумани ҳокимининг маслаҳатчиси
ЎзА