Давлат тили тараққиёти: муаммо ва ечимлар
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази томонидан университет биносида “Давлат тили тараққиёти: муаммо ва ечимлар” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.
Анжуман ўзбек тилининг бугунги кундаги ўрни, аҳамияти, имло масалалари, давлат тили сифатида нуфузи, луғатлар тузиш билан боғлиқ масалалар, шунингдек, таълим босқичларида давлат тилининг ўқитилишига доир соҳа мутахассисларининг тадқиқотлари, изланишлари билан яқиндан танишиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, филология фанлари доктори, профессор Ш.Сирожиддинов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири А.Қирғизбоев, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг фан ва инновациялар бўйича ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Раҳимжон Ҳакимов ва бошқалар бугунги кунда ўзбек тили ривожига ва унинг нуфузини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини алоҳида қайд этди.

Анжуман ялпи мажлисида тегишли ташкилотлар, тилшунос олимлар томонидан ўзбек тилининг бугунги кундаги ўрни, аҳамияти, давлат тили сифатида нуфузи, давлат тилига муносабат, имло масалаларига бағишланган маърузалар тингланди. Шунингдек, тил масаласидаги муаммо ва унинг ечимлари, луғатлар тузиш билан боғлиқ масалалар, давлат тилида иш юритишдаги муаммоли ва мулоҳазали масалалар бўйича чиқишлар муҳокама қилинди.
Ялпи йиғилишдан сўнг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имлоси”, “Давлат тилида иш юритиш масалалари”, “Нейминг(номлаш) тилшунослиги ва ташқи ёзувларни тартибга солиш масалалари”, “Соҳа луғатларини тузиш ва терминология масалалари” ҳамда “Таълим босқичларида давлат тилининг ўқитилиши масалалари” мавзуларида алоҳида шўбаларга бўлинган ҳолда анжуман ўз ишини олиб борди.
Д.Маматова,
ЎзА