Куни кеча халқимиз ажойиб бир байрамни нишонлади. Бу – Ўзбек тили байрами бўлиб, бизнинг бебаҳо ва миллий бойлигимиз бўлган она тилимизга тааллуқли қутлуғ кун.
Куни кеча халқимиз ажойиб бир байрамни нишонлади. Бу – Ўзбек тили байрами бўлиб, бизнинг бебаҳо ва миллий бойлигимиз бўлган она тилимизга тааллуқли қутлуғ кун.
Ўзбекистонда 1989 йил 21 октябрда халқимиз асрлар давомида орзу қилган давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатнинг мустақиллик сари қўйилган дастлабки дадил қадами бўлди. 1995 йил 21 декабрда янги таҳрирда қабул қилиниши давлат тилининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан оширишга қаратилган чоралар кўрилди. Давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, унда ўзбек тилини ривожлантириш бўйича стратегик режалар белгилаб берилди.
Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Атамалар комиссияси, Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, ҳар йили 21 октябрь ўзбек тили байрами сифатида кенг нишонланмоқда.
Шунингдек, давлат тилини ўрганиш учун барча фуқаролар ва бошқа миллат вакиллари учун 9 минг 986 мактаб ва 14 минг 181 мактабгача таълим муассасаларида ўзбек тили билан бирга, рус, қорақалпоқ, қозоқ, тожик, қирғиз, туркман каби тиллар ўргатилмоқда.
Прокуратура органлари томонидан “Давлат тили ҳақида”ги қонун ва соҳага оид бошқа қонун ҳужжатлари ижроси ўрганилганда, соҳада амалга оширилган ишлар билан бирга, давлат тилини тўлақонли жорий этишда тизимли камчилик ва муаммолар мавжудлигини кўрсатди.
Хусусан, давлат бошқаруви, маҳаллий ҳокимият органлари ва бошқа идоралар фаолиятида давлат тили ҳақидаги қонун талабларини бузиш билан боғлиқ 15 мингдан ортиқ ҳолат аниқланди.
Қонун бузилишлар асосан иш ҳужжатларини давлат тилида юритмаслик (6 840 та), имло қоидаларини бузиш (4 841), ички ҳужжатларни тил қоидаларига риоя қилмасдан қабул қилиш (1 449), ташқи ахборот матнлари (945) ҳамда муҳр ва тамғалардан давлат тилида фойдаланмаслик (150), географик объектларни номлаш тартибларини бузиш (155) каби кўринишларда содир этилган.
Ўзбек тилига расман давлат тили мақоми берилганига 30 йилдан зиёд вақт ўтган бўлсада, ҳанузгача иш ҳужжатларини рус тилида юритиш ҳолатларига чек қўйилмаган.
Бундай ҳолатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Маданият вазирлигининг Маданий мерос департаменти, Экология давлат қўмитаси ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда бошқа кўплаб маҳаллий даражадаги идоралар фаолиятида ҳам аниқланди.
Ҳуқуқий ҳужжатларни давлат тилида қабул қилиниши ҳақидаги талабларни бузиш ҳолатларига ҳам барҳам берилмаган. Хусусан, Адлия вазирлигидан вазирлик ва идораларнинг давлат тилида ёзилмаган 242 та идоравий норматив - ҳуқуқий ҳужжатлари давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг қуйи тизимларида ички идоравий буйруқ ва фармойишларни қабул қилишда 1 149 та ҳолатда ҳужжатларни давлат тилида қабул қилмаслик ҳолатларига йўл қўйилган.
Шунингдек, қонун талабига кўра, ҳисоб - китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилиши лозим бўлсада, ҳозирда давлат бюджетидан молиялаштириладиган вазирлик ва идораларда бухгалтерия, ҳисоб-китоб ишларини юритиш “УзАСБО” электрон дастури орқали тўлиқ рус тилида юритилмоқда.
Айрим ҳолатларда иш ҳужжатларини юритишда ўзбек тилининг илмий қоидаларига риоя этилмай, кўплаб имловий ва бошқа хатоларга йўл қўйилаётганлиги аниқланди.
Бу борада қонун бузилишлар (5 мингдан ортиқ) асосан халқ таълими, мактабгача ва олий таълим муассасалари, бандлик, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа идоралар фаолиятида аниқланган.
Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича раҳбар маслаҳатчилари лавозимига кадрларни танлаш масаласи тўғри ҳал этилмаётганлиги қонун бузилишларни олдини олиш имконини бермаяпти.
Ҳолбуки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги 34 - сонли қарори билан давлат бошқаруви органлари, вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимликларида маслаҳатчи лавозимини жорий этиш белгиланган.
Бироқ, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Санитария - эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда Андижон, Асака, Балиқчи, Булоқбоши, Бўстон, Избоскан, Марҳамат, Олтинкўл, Пахтаобод, Тайлоқ, Улуғнор, Фарғона, Қўрғонтепа туманлари ва Хонобод шаҳар ҳокимликларида бундай лавозим жорий этилмаган бўлса, Боёвут, Жарқўрғон, Зангиота, Ромитан, Сирдарё, Фориш туманлари ва Гулистон, Ширин, Янгиер шаҳарларида маслаҳатчи штати ходим билан тўлдирилмаган.
Маслаҳатчи лавозимига устувор равишда филолог (ўзбек тили) ва журналистика мутахассислиги бўйича олий маълумотли шахслар тайинланиши лозим бўлсада, ҳокимликлардаги маслаҳатчиларнинг 115 нафарини бошқа мутахассисликка эга шахслар ташкил этган.
Масалан, Бухоро вилояти ҳокимлигида кимё фани ўқитувчиси, Тошкент шаҳар ҳокимлигида менежмент, Чимбойда чизмачилик, Пахтакорда ер усти транспорт тизимлари, Ғаллаоролда муҳандис - қурувчи, Зарбдор ва Мирзачўлда муҳандислик - коммуникациялари мутахассислигига эга ходимлар фаолият юритмоқда.
Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг фаолияти лозим даражада йўлга қўйилмасдан, ходимларни тил бўйича малака оширишига эътиборсизлик билан қаралаётганлиги юқорида қайд этилган камчиликларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Чунончи, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 мартдаги 117 - сонли қарори ижроси таъминланмай, Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказига ҳозирга қадар Марказга бино ажратиш масаласи Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳозирга қадар ҳал этилмаган.
Марказнинг ҳудудий бўлинмалари, жумладан Наманган, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмалари ҳам етарли моддий - техник жиҳозлар билан таъминланмаган.
Қонунлардаги айрим коллизион ёки амалда ишламайдиган нормалар тил тўғрисидаги қонун талаблари бузилишига шароит яратган.
Хусусан, “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 20-моддасида лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкинлиги белгиланган.
“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида эса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилиши белгиланган.
Бундай ўзаро зид нормалар оқибатида ташқи ахборот берувчи матнларда кўплаб қонун бузилишлар учрамоқда.
Масалан, Мирзо Улуғбек тумани, Юзработ кўчасидаги реклама ва ахборот матнларининг 277 таси ёки 60 фоизида, Мирзо Улуғбек шоҳ кўчасида 77 тасида (68 %), Темур Малик кўчасида 91 тасида (71 %), Боғишамол кўчасида 76 тасида (60 %) реклама ва эълонлар фақат хорижий тилда ёки имловий хатолар билан ёзилган.
Ўрганиш давомида Самарқанд вилоятида давлат тили ва имло қоидаларига риоя қилинмаган 5 816 та, Андижонда 1 483 та, Наманганда 475 та ва Навоийда 300 та ташқи ёзувлар аниқланиб, алмаштирилиши таъминланди.
Таъкидлаш лозимки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддаси (“Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш”) диспозициясида асосан таълим олишга тўсқинлик қилиш ёки тилни менсимаслик учунгина жавобгарлик белгиланганлиги бу модданинг амалда тўлақонли ишлашини чекламоқда.
Хусусан, 2018-2019 йиллар ва жорий йилнинг 9 ойида судларда бу модда билан боғлиқ атиги 3 та иш кўрилган, холос.
Географик объектлар ва фирмаларнинг номланишида қонунчилик талабларига риоя қилинмаган.
Хусусан, Қибрайда “Вишка” ва “Лагерний” номли тоғ, Бўстонлиқда “Меловой” довони, Попда “Королевское” олтин кони, Арнасойда “Пограничний” коллектори, Конимехда “Песчаное” олтин ва “Високовольтное” кумуш конлари, Сариосиёда “Дрибова” сойи каби географик объектларнинг номлари давлат тилида акс эттирилмаган.
Ёки, Асака ва Бўстонда “Ахтачи”, Қарши шаҳрида “Ҳарамжўй”, Бухоро туманида “Пат-пут”, Чироқчида “Ҳезалак”, Шаҳрисабзда “Чот”, Китобда “Сумак” ва Қамашида “Қўтирсой” номли сойлар, Томдида “Наркоман” номли дўнглик ва Жондорда “Лоло” номли аҳоли пункти каби қўпол ва номи тушунарсиз бўлган географик объектларнинг топонимик номларни алмаштириш масаласи кўриб чиқилмаган.
Шу каби, таҳлил ўтказилган 7 мингта фирма номларидан 5 мингтаси (71 %) хорижий ёки ўзбек ва бошқа тиллардаги сўзлар билан бирикма ҳолида номланганлиги аниқланди.
Ачинарлиси, фирмаларни хорижий сўзлар билан номлашда уни асл маъносини тушунмай, услубий жиҳатдан нотўғри қўлланилмоқда.
Мисол учун, аксарият фармацевтика ва тиббиёт йўналишидаги фирмалар ўз номига инглиз тилидаги “farm” сўзини қўшган ҳолда бирикмали номлардан фойдаланмоқда (“Shamshod farm shifo”, “Zebiniso med farm”, “Apteka farm” ва бошқ.).
Ваҳоланки, ушбу сўз ўзбек тилида “ферма” маъносини билдириб, тиббиёт соҳасига алоқаси мавжуд эмас. Бу каби номлаш билан боғлиқ ҳолатларни яна кўплаб учратиш мумкин.
Телевидение ва радио эшиттиришларда тил қоидаларини қўпол равишда бузиб, шевада, жаргон ва хорижий сўзларни қўшган ҳолда дастурларни олиб бориш ҳолатлари кўплаб йўл қўйилмоқда.
Жумладан, “ZO‘R TV”, “Mening yurtim”, “Sevimli” каби телеканаллардаги “Хонтахта”, “Bojalar community”, “Борига барака”, “Ўзинг танла”, “Аристократлар”, “Хафа бўлиш йўқ”, “Бойвачча шоу”, “Ситро шоу”, “Омад шоу”, “Дугоналар шоу” каби кенг аудиторияга эга дастурлар бошловчилари доимий равишда шевада ва хорижий сўзларни қўшган ҳолда дастурларни олиб бормоқда.
Ўрганишлар натижасига кўра, прокуратура органлари томонидан қонун бузилишларни бартараф этиш юзасидан 296 та тақдимнома киритилди. Натижада 54 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди, 7 нафар мансабдор шахс қонун талабларини бузмаслик ҳақида огоҳлантирилди. Давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари тарғиботи бўйича 533 та тадбирлар ташкил этилди.
Хулоса ўринида таъкидлаш лозимки, тилга бўлган эътибор миллатнинг эртанги куни, келажаги ҳамда бошқа миллат ва элатлар олдидаги нуфузини белгилайди.
Шунга кўра, давлат тили ҳақидаги қонун талабларига сўзсиз риоя қилиш, уни ҳурматлаш ва эъзозлаш ҳар биримизнинг фуқаро сифатидаги инсоний бурчимиздир.
Муродулла Турсунметов,
Бош прокуратура
бошқарма прокурори.