Малоҳат Ҳолиқова суяк емирилиши ташхиси билан пойтахтимиздаги И.Иргашев номли 4-сон шаҳар клиник шифохонасига ётқизилади. Мураккаб жарроҳлик амалиёти бепул ўтказилиши беморнинг кўнглини тоғдек кўтарди. Давлат тиббий суғуртаси томонидан кўрсатилган молиявий ёрдам туфайли Малоҳат опа барча жарроҳлик амалиётларини мувафаққиятли ўтаб, яқин кунларда соғлом уйига қайтади.
- Жуда қийналдим, ҳасса таяниб юрардим. Шу клиникада даволандим, ҳозир холатим яхши. Бепул жарроҳлик амалиёти ўтказишди, шифокорларга раҳмат, -дейди Малоҳат Ҳолиқова.
Бугун жамиятимизда Малоҳат опа каби маблағи йўқлигидан ва оғир хасталигидан қийналиб яшаётган беморлар кўплаб топилади. Эндиликда янги тизим барча инсонларни қамраб олиши, инсон саломатлиги ва манфаатлари барча нарсадан устун эканлигини амалда намоён этиши кутилмоқда. Бунда жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Тошкент шаҳрида тўлиқ давлат суғурта тизимига ўтилиши муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
- Ўтган йилдан бошлаб биз Давлат суғурта тизими бўйича молиялаштиришга ўтган бўлсак, пул беморларнинг даволанганлик сонига қараб ажратиладиган бўлди, - дейди И.Иргашев номли 4-сон шаҳар клиник шифохонаси Бахтиёр Мамажонов. – 1 январдан бошлаб бу механизм тўлиқ ишга тушди Тошкент шаҳрида. Демак, беморга давлат томонидан кафолатланган хизмат турлари учун молиявий маблағлар суғурта томонидан тушириладиган бўлди. Давлат томонидан кафолатланган хизмат турига тез тиббий ёрдамга мухтож беморлар ва йўлланма билан келадиган беморлар киради. (давоми видеода)
Дастлаб бемор ҳудудидаги поликлиникага мурожаат қилади. Шифокор томонидан касаллик аниқланганидан сўнг махсус клиникаларга йўлланма берилади. Бемор клиникага келганидан кейин шифокор қабулига учрайди ва ҳеч қандай навбатларсиз, ортиқча оворагарчиликларсиз кўриклардан ўтади, лозим топилса жарроҳлик амалиётини ўтайди. Бунда ҳаражатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қоплаб берилади.
Тошкент шаҳар бўйича бугунги кунда 72 та поликлиника, 40 та шифохона ҳамда махсус диспанцерлар ҳам янги автоматлаштирилган тизимда ишламоқда. Айтиш керакки, ўтган қисқа вақт ичида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси кўмагида кўплаб оғир ётган, ижтимоий ҳимояга мухтож аҳоли қатлами имтиёзли даволанди, дори-дармон таъминотида шаффоф тизим вужудга келди, бунда аҳоли вакилларидан маблағ, яъни, бадал тўлашлари шарт бўлмай қолди. Кўрсатиладиган тиббий хизматлар давлат бюджети ҳисобидан томонидан молиялаштирилди.
<iframe width="917" height="516" src="https://www.youtube.com/embed/pGdoDjZbtSQ" title="Kelgusi yillarda Navoiy viloyatida 31 ta mahallada ichimlik suvi taʼminoti yaxshilanadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Муҳими, ушбу тизим учун тиббиёт муассасаларини тўлиқ ахборотлаштиришга эришилди, аҳолининг электрон рўйхати ва беморларнинг маълумотлар базаси яратилди. Тизимдаги поликлиника ва шифохоналар миллий ягона ахборот тизимига уланди, ўзаро ахборот алмашинуви йўлга қўйилмоқда.
Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов
Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА