Давлат солиқ қўмитаси раиси Навоийда
Навоий шаҳрида Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев тадбиркорлар ва ишбилармонлар билан учрашди. Учрашувда нафақат уларнинг муаммоларига ечим изланди, балки солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Учрашувда ҳисоб варақларига тузатиш киритиш, солиқ қарздорлигини бўлиб-бўлиб тўлаш, чекларни таҳрирлаш, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҚҚС гувоҳномасини қайта тиклаш, ер ва мол-мулк солиғи, ортиқча тўланган солиқларни қайтариш, инкассо топшириқномалари чақириб олиш, солиқ органлари ходимлари билан ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.

– Учрашувда “НКМК” АЖнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами билан боғлиқ масалада мурожаат қилдим, – дейди корхона масъул ходими Эльвира Хамидуллина. – Мутасаддиларга кўрсатма берилди. Ўйлайманки, мурожаатимиз ўрганилиб, ижобий ечим топади.
Учрашувда тадбиркорлик субъектлари томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар инобатга олиниб, мурожаатларга ечим топилди.

– Учрашув фойдали бўлди, – дейди “Финансер” МЧЖ раҳбари Озоджон Ҳамроқулов. – Фаолиятимиз давомида ҳар куни ўндан ортиқ тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, бухгалтерия ва аудит масалалари бўйича мурожаатларини ҳал қиламиз. Ишимиз бевосита солиқ тизими билан боғлиқ бўлганлиги сабабли солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар фаолиятимизга таъсир қилади. Фаолиятимиздан келиб чиққан ҳолда қўшимча қиймат солиғи, айланма солиқ, тизимли ҳисоб варақ фактураларини юборишдаги муаммоларни айтиб, уларнинг ечими юзасидан ўз таклифларимни ҳам билдирдим.
Бугунги кунда “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида Навоий вилоятида давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлар ҳузурига борган ҳолда уларнинг муаммоларини ўрганиб, сайёр солиқ маслаҳатлари кўрсатиляпти.

Жорий йил 9 ойи давомида вилоятда 11 минг 253 та корхонанинг муаммолари батафсил ўрганилди. Натижада, солиқ хизмати органлари ходимлари кўмагида солиқ тизими билан боғлиқ бўлган 11 минг 231 та муаммо ижобий ҳал этилди.
Ўрганишлар давомида қарийб 34 мингта ҳолатда тадбиркорлик субъектларига 67 миллиард 924 миллион сўмдан ортиқ маблағ уларнинг ҳисоб рақамларига қайтариб берилди. Бошқа солиқ турларидан мавжуд солиқ қарздорликларига сингдирилди. Шунингдек, 206 ҳолатда қўшилган қиймат солиғи тўловчиларининг 64 миллиард 200 миллион сўм қўшилган қиймат солиғидан манфий қолдиқ суммаси уларнинг ҳисоб рақамларига қайтарилди.

– Солиқ имтиёзлари, солиқ юки ва турларининг камайтирилганлиги тўғрисида олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида жорий йил 9 ойида 21 минг 842 та норасмий иш ўрни қонунийлаштирилди, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходими Нуриддин Раҳимов. – Ўтган давр мобайнида турли сабаблар билан фаолияти вақтинча тўхтаб қолган 477 та корхонанинг фаолияти тикланди. Натижада, 537 та янги иш ўрни яратилди.
Қўлида ҳунари бор ёки уйда якка тартибда маълум фаолият билан шуғулланиб келаётган фуқароларга солиқ хизмати органлари томонидан доимий кўмак кўрсатиб келинмоқда. Вилоятда 42 минг 360 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилиш тизими орқали рўйхатдан ўтиб, муайян фаолият турлари билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА