Давлат мукофотлари ўз эгаларига топширилди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбари фармонларига асосан Жиззах вилоятидан ҳам давлат хизматчилари, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳа ходимлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳи мукофотланди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Солиев сўзга чиқиб, халқ хўжалигининг барча соҳаларини ривожлантириш, ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш, миллий қадрият ва анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади.

Вилоят ҳокими 16 нафар жиззахлик фуқароларга Давлат мукофотларини тантанали равишда топширди.
Ушбу мукофотланганлар орасида “Дўстлик” ордени соҳиби, Зомин туманидаги “Нарзуллаев Жасурбек” фермер хўжалиги бошлиғи Нарзулла Сайдуллаев, Пахтакор тумани ободонлаштириш бошқармаси ишчиси Бувинисо Хўжабекова, вилоят мусиқали драма театри актрисаси Олия Эштухтарова, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени нишондори Жиззах шаҳридаги Амир Темур номли маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Маҳбуба Мамирова, “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби вилоят суди раисининг ўринбосари Акрам Шукуров, Бахмал туманидаги “Гулбулоқ” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Умрзоқ Ҳамроев, “Соғлом турмуш” медали билан Мирзачўл тумани тиббиёт бирлашмасининг 17-сонли оилавий поликлиникаси патронаж ҳамшираси Сайёра Жонизоқова, “Шуҳрат” медали билан Арнасой тумани ички ишлар бўлими профилактика катта инспектори Азизжон Абдусаттаров, Миллий гвардия ҳарбий қисм отряд командирининг ўринбосари Рамшид Гулов ва бошқа бир қатор жиззахликларга Давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, мамлакатимизда Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги кенг нишонланаётган бир вақтда вилоят ҳокими Эргаш Солиев Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи 100 ёшдан ошган Ойхумор она Шерматованинг хонадонига бориб, у кишининг ҳолидан хабар олди ва Президентимиз фармонига асосан берилган “Шуҳрат” медалини тантанали равишда топширди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА