Давлат хизматлари маркази янги бинода
Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар Давлат хизматлари маркази янги бинода иш бошлади.
Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар Давлат хизматлари маркази янги бинода иш бошлади.
Янги марказда давлат хизматлари ҳақида маълумот берувчи RECEPTION жойлашган. Жорий қилинган электрон навбат тизими фуқароларга қулайлик яратади.

Ўрнатилган INFOLAND орқали фуқаро мобиль телефонда QR-кодни сканер қилиш ҳамда илова қилиб ўзини қизиқтирган хизмат ҳақида тўлиқ маълумот олиши мумкин. Марказда бир вақтнинг ўзида 20 мурожаатчига хизмат кўрсатиш имкони мавжуд.
Бу ерда мурожаатчилар электрон баҳолаш қурилмаси орқали давлат хизматларини олиш билан бирга, марказ ходимининг муомала маданиятини ҳам баҳолаши мумкин. Ходимга берилган баҳо бошқарма томонидан назорат қилиб борилади.
Бундан ташқари, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида давлат хизматларини Экстерриториал тамойил асосида кўрсатиш йўлга қўйилган.
Шунингдек, янги марказ биносида Бош вазир қабулхонаси жойлашган, фуқаролик паспортини бериш, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш хизматлари ҳам кўрсатилади. Болалар учун мўлжалланган майдонча бор.
– Ҳозирда марказимиз томонидан аҳолига 130 га яқин хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган. Ўтган йили 36346 фуқарога хизмат кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг шу вақтига қадар 7580 фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилди. Албатта марказнинг бундай замонавий бинода фаолият юритиши келгусида аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва тезкорлигини янада яхшилаш билан бирга, ходимларимизга ҳам ўз вазифаларини аъло даражада бажариш имконини беради, – дейди Каттақўрғон шаҳар Давлат хизматлари маркази раҳбари Шавкат Абдуллаев.