Давлат фуқаролик хизмати такомиллашмоқда
“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган юксак ғояга асосланган ислоҳотлар давом этмоқда.
Иқтисодиёти, сиёсий ва ижтимоий тараққиёти билан дунё ҳамжамиятига дадил кириб бораётган янги Ўзбекистонда бошланган маъмурий ислоҳотлар, кадрлар сиёсати янги сифат босқичига кўтарилди. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Навоий вилояти филиали раҳбари Зафар СУЛТОНОВ ЎзА мухбирига вилоятда давлат фуқаролик хизматини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб берди.
– Бош Қомусимизнинг 2-моддасида “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, деб мустаҳкамлаб қўйилган, – дейди Зафар Султонов. – 2022 йилнинг 8 август куни эса Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши халқчил давлат хизмати тизимини ташкил этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлди.
Давлат фуқаролик хизматига муносиб кадрларни очиқ мустақил танлов асосида қабул қилиш тизими жорий қилиниб, минглаб ёшлар ва хотин қизлар очиқ ва шаффоф тизим орқали давлат хизматига қабул қилинмоқда.
Олиб борилаётган маъмурий ислоҳотлар, халқчил сиёсат туфайли давлат хизматчилари бугун аҳолига анча яқинлашди. 2022 йилда эса “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизими йўлга қўйилди. Ҳар бир маҳаллада – раис, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлардан иборат яхлит тизим яратилди.
Маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, мамлакат обод бўлади. Шу боис, ҳар бир маҳаллада самарали иш олиб бориш 2022 йилда фаолиятимиз бош мезонига айланди, десак муболаға бўлмайди.
Давлатимиз раҳбари фармон ва қарорларига мувофиқ, меритократия тамойили асосида Навоий вилоятидаги 330 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли лавозимларига 3200 дан ортиқ номзодлар орасидан 990 нафари сараланиб, лавозимларга тайинланди.
Бугунги кунда вилоятдаги давлат фуқаролик хизмати жорий этилаётган давлат органлари ва ташкилотларида 5397 нафар давлат фуқаролик хизматчилари фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг 1154 нафарини хотин-қизлар, 1122 нафарини эса ёшлар ташкил этади.
Ўтган йил мобайнида вилоятдаги 49 та давлат органлари ва ташкилотларидаги мавжуд вакант лавозимлар учун 4353 марта очиқ мустақил танловлар ташкил этилиб, танловларнинг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида ишга туширилган “Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали” (vacancy.argos.uz) ахборот тизими орқали 32665 нафар фуқаро ҳужжат топширди. Танловлар якунига кўра, 1466 нафар номзод давлат фуқаролик хизматига қабул қилинди.
Бугунги кунда сектор раҳбарлари, туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлари фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳоланмоқда.
Давлат фуқаролик хизматига иқтидорли ёшларни кенг жалб этиш мақсадида илм-фан, спорт, ахборот технологиялари ва бошқа соҳаларда юқори натижаларга эришаётган, фаол ва ташаббускор ёшлар орасида “Келажак лидерлари клуби” ташкил этилиб, бу борада махсус ўқув курслари йўлга қўйилди.
Айтиш жоизки, малакали кадрлар мамлакатнинг эртанги куни, тараққиётини белгиловчи муҳим куч. Ҳар бир вазирлик ва идора билимли, салоҳиятли, тажрибали, заковатли, ҳар томонлама баркамол миллий кадрларга эҳтиёж сезади.
Шу боис давлат органлари ва ташкилотларининг ўрта ва қуйи бўғин бошқарув ходимларини янгича талаблар, хусусан “маҳаллабай” ва “фуқаробай” тизими асосида самарали ишлашга ўргатиш, уларнинг касбий компетенцияларини узлуксиз ошириб бориш мақсадида, ўтган йил давомида 2984 нафар ўрта ва қуйи бўғин Давлат фуқаролик хизматчиларининг малакаси оширилди.
Дастлаб вилоятдаги давлат фуқаролик хизмати жорий этиладиган давлат органлари ва ташкилотлари бўйича 2022 йилда ойма-ой ва ҳафталик амалга ошириладиган буюртма портфеллари асосида 452 нафар давлат хизматчиларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси ҳамда унинг Самарқанд вилоят бўлимида, шунингдек, 2532 нафар давлат фуқаролик хизматчиларининг эса масофавий малака ошириш курсларида малакаси оширилди.
Давлатимиз Раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқига йўллаган Мурожаатномасида давлат фуқаролик хизмати соҳасида ўз ечимини кутаётган масалаларнинг ўрин олганлиги, ҳали давлат хизмати халқни рози қиладиган тизимга айланмаганлигидан далолат.
Шу боис Мурожаатномада ислоҳотларнинг биринчи йўналиши сифатида ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтилишига эътибор қаратилди. Хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш мақсадида энди “қўл бошқаруви”дан аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келгани таъкидланди.
Юқорида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Навоий вилоятида давлат фуқаролик хизматини янада такомиллаштириш мақсадида филиал томонидан 2023 йилда амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар белгилаб олинди
Бу йил вилоят давлат органлари ва ташкилотларидаги давлат фуқаролик хизмати лавозимларига танловларнинг барча босқичларини фақат танлов асосида шаффоф ва адолатли ўтказилишини таъминлаш бўйича барча зарурий чоралар кўрилади.
Давлат органлари ва ташкилотларининг вилоят бўлинмаларидаги ваканциялар сонини 4-5 фоизга тушириш ва улардаги кадрлар қўнимсизлиги ҳолати таҳлили асосида ишлар ташкил этилади.
Миллий ва салоҳиятли кадрлар захирасини шакллантириш, бунда “маҳалладан - республикагача” тамойили асосида кадрларни ўстиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг самарали иш фаолиятини йўлга қўйиш ва сектор раҳбарлари масъулиятини янада ошириш мақсадида секторлар фаолияти самарадорлиги, туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари тизими орқали баҳоланиб таҳлил қилиб борилади.
Давлат хизматчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат фаолияти учун муносиб шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиш, иқтидорли ва салоҳиятли ёшларни давлат фуқаролик хизматига кенг жалб этиш ишлари изчил давом эттирилади.
Ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг тараққиёти ва мамлакат фаровонлиги давлат бошқарувининг қанчалик халқчил эканлигига боғлиқ. Шу боис давлат бошқаруви тизими ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадор бўлишини таъминлаш – давр талаби.
Президентимизнинг 2022 йил 21 декабрдаги "Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ҳамда “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу ислоҳотлар, албатта, ўзининг ижобий самарасини бериб, Янги Ўзбекистон шароитида замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, қарор қабул қилиш ва масалани кўриб чиқиш жараёнларини соддалаштириш орқали давлат органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш, улар фаолиятини натижадорликка йўналтиришга хизмат қилади.
Мазкур ҳужжатларда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, сўзсиз, инновацион ривожланишнинг замонавий тенденциялари ва жаҳон стандартларини ҳисобга олган ҳолда давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш жараёнига янги куч бағишлайди.
ЎзА мухбири Абдували Бўриев ёзиб олди.