Жорий йилнинг 8 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат қилаётган давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи ва улар фаолиятини ягона қоидалар асосида тартибга солувчи «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунни имзолади.
Қонун давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, давлат хизматчиларининг касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматларини объектив ҳамда адолатли танлов асосида хизмат поғоналари бўйича ўсиш кафолатларини ўрнатиш, давлат фуқаролик хизматига кириш, ўташ ва тугатиш жараёнларини тартибга солиш, давлат фуқаролик хизматчиларини касбга лаёқатлилигини ва профессионаллигини ўсишида шарт-шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Давлат фуқаролик хизмати деганда давлат хизматининг бир тури, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат фуқаролик хизмати лавозимларидаги давлат органлари ваколатлари амалга оширилишини таъминлашга доир ҳақ тўланадиган касбий фаолияти тушинилади.
Ушбу қонун Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимлардаги давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилади.
Қонун 10 та боб ва 64 та моддадан иборат. Унда, жумладан, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг давлат хизмати соҳасидаги ваколатлари, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, давлат хизмати тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича чоралар (манфаатлар тўқнашуви, даромадлар, мол-мулк ва йирик харажатларнинг декларация қилиниши), давлат хизматчилари гуруҳлари ва тоифалари ва бошқалар белгилаб берилди.
Қонунга мувофиқ, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли орган этиб, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланган. У ўз ваколатлари доирасида давлат идораларининг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради, давлат хизматига кадрларни танлов асосида танлашни ташкил қилади, давлат хизматчиларининг самарадорлигини баҳолаш учун асосий кўрсаткичлар тизимини жорий қилади ва уларнинг натижаларини таҳлил қилади, жамоатчилик фикрини ўрганади ва давлат органлари раҳбарларининг очиқ рейтингини шакллантиришда иштирок этади. Шунингдек, агентлик давлат хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамда уларнинг ишлаши ва ижтимоий ҳимояси учун тегишли шарт-шароитлар яратишда ёрдам кўрсатади.
Ўзбекистон фуқароси давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинланган пайтдан эътиборан давлат фуқаролик хизматчиси ҳуқуқий мақомига эга бўлади ва давлат фуқаролик хизматчисининг фаолияти тугатилиши муносабати билан уни йўқотади.
Ҳозирги кунда давлат фуқаролик хизматига қабул қилишда танлов асосида, очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, қонунда танлов асосида ишга қабул ва кадрлар ротацияси, қолаверса, тадбиркорлик қилиш, коррупцияга қарши курашиш, хорижда ҳисоб рақам очиш ва манфаатлар тўқнашувини тақиқлаш, даромадлар ва мол-мулкни мажбурий декларациялаш масалалари ҳам атрофлича тартибга солинган.
Қонунда давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари ҳам кўзда тутилган. Улар қаторига давлат фуқаролик хизматчисининг ахлоқий хулқ-атвор қоидаларига риоя қилиши, давлат фуқаролик хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш, давлат хизматлари учун совғалар олиш ва тақдим этиш тартибини белгилаш, давлат фуқаролик хизматчисининг ижтимоий ҳимояси, моддий таъминоти ва уни рағбатлантиришни таъминлаш киради. Агар давлат фуқаролик хизматчиси коррупция фактлари тўғрисидаги ахборотга эга бўлса, у коррупциянинг олдини олиш учун зарур чоралар кўриши, шу жумладан, юқори турувчи давлат органини ёки коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли давлат органига дарҳол хабар қилиши ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат этиши керак.
Давлат фуқаролик хизмати тегишли касбий билимлар, кўникмалар ва тажрибага эга бўлишни талаб қилади. Давлат лавозимларига даъвогар ва лавозимни эгаллаб турган шахслар учун маълум малака талаблари ва шартларини белгилашни, шунингдек, давлат хизматчисининг “карьера модели” давомида бундай билим ва кўникмаларни доимий равишда такомиллаштиришни тақозо қилади.
Бир сўз билан айтганда, давлат фуқаролик хизматчиси ҳалол, садоқатли ва фидойи шахс сифатида жамиятга хизмат қилиши зарур.
Орзумурод УМАРОВ,
Томди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари