Давлат дастури ижроси қай ҳолатда?
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамкорлигида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижроси юзасидан навбатдаги жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов, Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев Давлат дастурида кўзда тутилган ҳар бир йўналишдаги мақсад-вазифалар ижроси соҳалар ривожига хизмат қилишини таъкидлади.
Жами 273 банддан иборат 2021 йил Давлат дастурининг 42 та банди ижроси бўйича тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ижрога қаратилганлиги қайд этилди.
Тадбирда Давлат дастурининг 120 ва 149-бандлари ижроси бўйича Қишлоқ хўжалиги, Адлия, Ахборот коммуникациялари ва технологияларини ривожлантириш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, шунингдек, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Кадастр агентлиги масъуллари бажарилган ишлар юзасидан ахборот берди.
Хусусан, Давлат дастурининг 120-бандига кўра, қишлоқ хўжалигида ер муносабатлари бўйича ислоҳотларни янада такомиллаштириш, ерларни бозор активларига айлантириш ҳамда ер участкаларини ижара ҳуқуқи билан фойдаланишга беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этишга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши лозим. Бунда қишлоқ хўжалиги ерларини тўлиқ кадастр хатловидан ўтказиш, мазкур ерларни ажратишнинг бозор механизмларига асосланган шаффоф тизимини жорий этиш кўзда тутилган. Шунингдек, ернинг тўлақонли субижара бозорини шакллантириш, ерга бўлган ижара ҳуқуқини сотиш ва сотиб олишни электрон тизимда, онлайн платформада амалга ошириш, экин ерларидан фойдаланиш тизимини рақамлаштириш, барча қишлоқ хўжалиги ерларининг электрон хариталарини яратиш назарда тутилган.
149-бандда эса ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган эҳтиёжманд оилаларга 0,1 дан 1 гектаргача ер майдонлари ажратиш белгиланган. Унга кўра, ишсиз аъзолари бор оилалар, жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилаларга деҳқончилик билан шуғулланиш учун янги ўзлаштирилган, лалми, фойдаланилмаётган ер майдонларидан 0,1 дан 1 гектаргача ер ажратиш, ажратилган ер майдонларини суғориш тизими ва электр энергияси билан таъминлаш, берилган ерларни ўзлаштириш учун, яъни ер ҳайдаш, уруғ, кўчат харид қилиш каби масалаларни ҳал этишга субсидия ажратиш назарда тутилган.
Жамоатчилик эшитувида тақдим этилган маълумотларга кўра, Давлат дастурида кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилган. Мазкур ҳужжатлар тез кунларда қабул қилиниши кутилмоқда. Шунингдек, юқоридаги мақсад-вазифалар ижросини таъминлаш борасида тегишли масъуллар томонидан амалий ишлар бошлаб юборилганлиги таъкидланди.
Жамоатчилик эшитуви мобайнида айрим муаммо ва камчиликлар юзасидан танқидий фикр-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, ушбу вазифаларни амалга ошириш муддатларига эътибор қаратилмаётгани, айрим бажарилган ишлар юзасидан жамоатчиликка ўз вақтида ахборот тақдим этилмаётгани танқид қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА