2025 йил 17 декабрда “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Гулнора Маруфова қонуннинг муҳим жиҳатлари ҳақида гапириб берди:
– Конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистон ижтимоий давлат экани белгилаб қўйилган. Мазкур конституциявий тамойилни ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш мақсадида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш механизмлари янада кучайтирилмоқда.
Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга мослашиши учун қулай шароитлар яратиш, касбга ўргатиш ва имтиёзлар бериш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда моддий аҳволини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар шулар жумласидандир.
Ушбу соҳадаги муҳим ўзгаришлардан яна бири – соҳани тартибга солувчи ваколатли орган, яъни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил этилгани бўлди. Агентлик томонидан ушбу соҳада салмоқли ишлар амалга оширилиб, қатор натижаларга эришилмоқда.
Шу билан бирга, ушбу соҳани тартибга солиш, шу жумладан, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш ҳамда уларнинг манзиллилигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб-таомилларни бузганлик, шунингдек, ижтимоий ҳимоя органлари ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, уларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларини бажармаганлик учун жавобгарликни белгилаш зарурияти юзага келди.
Мазкур масалаларни ҳал этиш мақсадида қабул қилинган янги қонун билан қатор қонунларга қўшимчалар ва ўзгартишлар киритилди.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда шаҳарсозлик ҳужжатларига уларда ногиронлиги бўлган шахсларга шарт-шароитлар яратиш бўйича лойиҳанинг алоҳида бўлими (қисми) мавжуд бўлмаган ҳолда ёки шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ бўлмаган ушбу алоҳида бўлим (қисм) бўйича эксперт ташкилотлар томонидан ижобий хулоса берганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Шаҳарсозлик ҳужжатларида ногиронлиги бўлган шахсларга шарт-шароитлар яратиш бўйича лойиҳанинг алоҳида бўлими (қисми)га амал қилинмаган ҳолда қурилиши тугалланган бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси органлари томонидан рухсатнома берганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланди.
Ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ва ижтимоий кафолатларни таъминламаганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 198-8-модда билан тўлдирилиб, унда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг тизимидаги идоралар ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш, шунингдек, уларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришда қонунчилик талабларини бузиш, васийлик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, ногиронлиги бўлган шахсларга қулай шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқ лицензиялаш тўғрисидаги қонунчилик ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчиликни бузишда ифодаланган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судлардан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекцияга ўтказилди.
“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”, “Банк сири тўғрисида”, “Нотариат тўғрисида”, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”, “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги қонунларга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ ҳолатларда шифокор сири, банк сирини ташкил этадиган, нотариал ҳаракатлар, қимматли қоғозлар ҳамда кредит тарихи тўғрисидаги маълумотларни тегишли сўров ёки аризага асосан берилишини назарда тутувчи тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига ёки Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларига қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ҳомийлик ташкилотлари томонидан солиқ даври мобайнида базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда тўғридан-тўғри бериладиган пул маблағлари тарзидаги ҳомийлик хайриялари учун эндиликда солиқ солинмайди.
Ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ҳамда болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида ундирилади.
Қонун ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг турмуш даражаси яхшиланиши, уларга жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратилиши ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятлари кенгайишига хизмат қилади. Ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатишда уларга тааллуқли бўлган маълумотларни ўрганиш орқали давлат бюджетидан ижтимоий ҳимояга ажратилган маблағларнинг манзиллилиги таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, қонун 2025 йил 17 декабрда кучга кирди. Фақат қонуннинг 1, 11-моддалари уч ойдан кейин кучга киради. Қонуннинг 8-моддаси қоидалари 2025 йил 1 январдан юзага келган муносабатларга ҳам татбиқ этилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА