Давлат бюджети камомади қандай қопланади? (+видео)
Маълумки, ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи мамлакат иқтисодиёти ўсишини ифодаловчи асосий кўрсаткич ҳисобланади. У мамлакат ҳудудидаги корхоналар томонидан барча ишлаб чиқариш омиллари ёрдамида ишлаб чиқарилган товар ва хизматларнинг бозор қийматидаги ифодаси бўлиб, унинг миқдори миллий ҳисоблар тизими асосида ҳисоблаб чиқилади. Миллий иқтисодиётда асосий макроиқтисодий кўрсаткич сифатида ЯИМ ёки ялпи миллий маҳсулот, ҳатто ялпи миллий даромад ҳам қўлланилиши мумкин.
Мамлакатимиз иқтисодиёти йилдан йилга ўсмоқда. Хусусан, республика ялпи ички маҳсулоти ҳажми 2020 йилда 60,2 миллиард долларни, 2021 йилда 69,6 миллиард долларни, 2022 йилда 81,1 миллиард долларни ташкил этган.
Ўтган йилда мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажми 6 фоиз ўсиб, 90,9 миллиард долларга, ўртача алмашув курси 11,737 сўмга етди. Бу рақам аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 2,5 минг доллардан тўғри келади. Ўтган йилги натижалар эса, сарҳисоб қилишга арзигулик. 2023 йилда мамлакатимизда иқтисодий ўсиш 6 фоизни ташкил қилди. Жумладан, саноат 6, хизмат кўрсатиш 6,8, қурилиш 6,4, қишлоқ хўжалиги 4,1 фоиз ўсган.
Бунга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Аммо 2024 йилги марра бундан ҳам юқори. Бу йил ушбу кўрсаткични 100 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Хўш, бунга қандай эришилади?
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департаменти директори Абдумалик Жалилов билан суҳбатимиз шулар хусусида бўлди.
– Жорий йилнинг 16 январида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2024 йилда иқтисодиётни ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди, – дейди Абдумалик Жалилов. – Бундан келиб чиқиб, жорий йилда ялпи ички маҳсулотни камида 6 фоизга кўпайтириб, 100 миллиард долларга етказиш режа қилинган. Бу прогнозимизнинг асосий шарти макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳисобланади.
Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий драйверлари ҳақида айтадиган бўлсак, иқтисодий ўсишга саноатнинг 7 фоиз, бозор хизматларининг 14 фоиз атрофида ва қишлоқ хўжалигининг 4 фоиз ўсиш орқали эришилади. Бу ўсиш суратларига биринчи навбатда олдинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, кейин эса 2024 йилда белгиланган ислоҳотларимиз натижасида эришилиши прогноз қилинмоқда. Мисол учун, 2024 йилда энергетика соҳасида 7 та энергетика қувватлари ишга туширилиши белгиланяпти.
Транспорт соҳасидаги ислоҳотларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2023-2024 йилда жами авиакомпаниялар томонидан 28 та самолёт олиб келиниши белгиланган. Ўтган йилда 24 та самолёт олиб келинган. Авиарейслар сони 460 тадан 700 тага оширилади. Бунинг натижасида самолётда йўловчи ташиш қарийб икки баробарга оширилади. Бундан ташқари, металлургия, автосаноат ва энергетика соҳаларида ишга туширилиши белгиланаётган йирик лойиҳаларимиз иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари бўлиб ҳисобланади.
Жорий йилда иқтисодий ўсишга оид ислоҳотларга тўхталадиган бўлсам, биринчи навбатда энергия таъминоти, макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган ёки транспорт ҳамда урбанизация соҳасидаги ислоҳотларнинг давом эттирилиши шу йилнинг иқтисодий ўсишига замин бўлади.
Қолаверса, бу ислоҳотлар 2025-2026 йил иқтисодиётимизнинг янада ўсишига катта замин бўлади. 2024 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотни 100 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 2,700 минг долларгача ташкил қилиш прогноз қилинмоқда.
– Давлат бюджети камомади қандай камайтирилади, унинг даромадлари қандай оширилади?
– Давлат бюджети тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиз даражасида сақлаш, бунинг учун бюджет даромадларининг базисини ошириш ва харажатларининг самарадорлигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бугунги кун умумий давлат бюджети тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиз даражасида таъминлаш белгиланяпти. Бу биринчи навбатда даромадларни ошириш базасини ошириш орқали амалга оширилади.
Харажатлар самарадорлиги ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозирда Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки ва бир қатор экспертлар билан биргаликда натижага йўналтирилган бюджетлаштириш тизими устида ишланяпти. Ҳозирги кунда айрим йирик компонентлар амалиётга секин-секин жорий этилмоқда. Хусусан, 2024 йил бюджетининг ишлаб чиқилишида биринчи даражада бюджетни тақсимловчи 37 вазирлик-идоранинг KPI нархи қўйилди. Уларга ажратиладиган маблағ натижага боғлаб қўйилган. Бунинг давоми сифатида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори тасдиқланди. Бунинг асосида 2025 йилдан бошлаб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пилот лойиҳаси сифатида барча соҳада амалга ошириладиган харажатлар натижага боғлаб қўйилади. 2026 йилдан бошлаб, босқичма-босқич тўлиқ бу тизимга ўтилади.
– Жаҳондаги глобал инқироз республикамиз молия тизимига қандай салбий таъсир қилмоқда, унинг олдини олиш учун қандай ишлар қилинмоқда?
– 2020 йилдан бери жаҳон иқтисодиётида жуда тез ўзгарувчи ва енгиш осон бўлмаган тенденция кетмоқда. Пандемия, ундан кейин глобал иқтисодиёт, логистикадаги муаммолар... Муҳим бўлган товарлар, энергетиканинг нархи кескин оширилди. Шунга қарамасдан иқтисодиётни эркинлаштиришга қаратилган ислоҳотларимиз иқтисодий ўсиш барқарорлигини таъминлашга хизмат қилди. 2023 йилда Ўзбекистон иқтисодий ўсиш суратлари ўртача 5,5 фоиз атрофида шаклланди.
Ҳозирги кунда асосий эътибор қаратиладиган йўналиш макроиқтисодий барқарорлик ҳисобланади. Бунда биринчи навбатда давлат бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиз даражасида таъминлаш бўлса, иккинчиси, давлат ташқи қарзининг мўътадиллигини сақлаш ҳисобланади. Бу бўйича фискал қоидалари ишлаб чиқилган. Яъни ҳар йили янги жалб қилинадиган давлат ташқи қарзини чекланган миқдорига чегаралар қўйилган. Масалан, 2024 йил учун бу миқдор 5,5 миллиард долларни ташкил этади. Давлат хусусий шерикчилиги томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар юзасидан юзага келиши мумкин бўлган шартли мажбуриятларни бошқариш бўйича ишлар амалга ошириляпти. Бу бўйича Халқаро валюта фонди ва Жаҳон банки билан биргаликда метод ишлаб чиқилган. Ҳар бир лойиҳа, ҳар бир йўналиш бўйича давлат бюджети олдида шартли мажбуриятлар юзага келганда қандай йўл тутиш лозимлиги бўйича ишлар амалга ошириляпти.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/7Jl7s7_g5Ic" title="Davlat byudjeti kamomadi qanday qoplanadi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, ЎзА