Давлат бюджети даромадлари прогнози қандай бажарилган?
Солиқ органлари томонидан 2024 йилнинг иккинчи чораги давомида даромадлар прогнози ижроси режага нисбатан 101,3 фоизга бажарилган. Хусусан, “Маҳаллабай” ишлаш институтининг самарали ташкил этилиши натижасида бевосита маҳаллий бюджетлар даромади бўлган мол-мулк солиғи тушумлари 37,6 фоизга, ер солиғи 31,2 фоизга, сув ресурсларидан фойдаланиш учун солиқ 21 фоизга, айланмадан олинадиган солиқ 19 фоизга ва жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ 18 фоизга ўсган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида айтиб ўтилди.
Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг “2024 йил иккинчи чорагида Давлат бюджети даромадлари прогнозининг бажарилиши тўғрисида”ги ахборотлари эшитилди.
Таъкидланганидек, ўтган даврда тадбиркорлик субъектлари божхона тўловларидан самарали фойдаланган. Уларга божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти тақдим қилинган.
Муҳокамаларда давлат активларини хусусийлаштириш жараёнлари аукцион савдоларининг суст кетаётгани, бу ўз навбатида, давлат бюджетига тушумларнинг тушишига салбий таъсир этаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Январь-июнь ойларида хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ 5 мингга яқин активлар савдоларга чиқарилиб, уларнинг атиги 1 минг 434 таси сотилган.
Қайд этилганидек, Божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармаларига белгиланган божхона тушумларининг прогноз режа ижроси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Андижон вилоятида қарийб 5 фоизга, Сурхондарё вилоятида 12 фоизга, Тошкент вилоятида 9 фоизга кам бажарилган.
М.Комилова,
ЎзА