Давлат байроғи қабул қилинган кун кенг нишонланди
Жиззах вилоятининг ҳар бир шаҳри ва тумани марказлари, ташкилот, корхона ва ўқув муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 33 йиллик тантаналари кенг нишонланди.
Вилоят маркази – Жиззах шаҳрида ҳарбийлар ва ёшлардан иборат иштирокчилар шаҳардаги Шароф Рашидов шоҳ кўчасидан юриш қилиб, Мустақиллик майдонида саф тортди.
Мустақиллик майдонига ўрнатилган 65 метр баландликда ҳилпираб турган улкан байроқ остида давлат мадҳияси ижро этилди.
Ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, маданият ва санъат мактаблари, вилоят олийгоҳлари талабалари, спорт соҳаси вакиллари, жамоатчилик, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбаев сўзга чиқиб, барчани байрам билан табриклади.
Байрам тадбирлари вилоятнинг шаҳар, туманларидаги ташкилот ҳамда идораларда кўтаринки руҳда давом этди.
Жумладан, Жиззах шаҳридаги 22-сонли умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган куннинг 33 йиллиги муносабати билан турли тадбирлар ташкил этилди.
[gallery-20445]
– Мактабимиз миқёсида “Давлат байроғи – фахрим-ғурурим” шиори остида бир қатор танловлар ва спорт мусобақалари бўлиб ўтди, – дейди 22-сонли умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Умида Ҳасанова. – Жумладан, расмлар ва иншолар танлови, “Заковат” интелектуал ўйини ҳамда шахмат, шашка ва волейбол мусобақалари ташкил этилди. Ушбу танлов ва мусобақаларда ўқувчиларимиз катта иштиёқ ва шижоат билан иштирок этиб, ўз иқтидор ва билимларини намойиш этди. Ғолиб ва совриндорлар фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– Жиззах шаҳрида 31 та умумий ўрта таълим, 3 та ихтисослаштирилган ва 1 та Президент ҳамда 1 та Баркамол авлод мактаби ва 31 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб бормоқда, – дейди Жиззах шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими маслаҳатчиси Жасур Бекмуродов. – Умумтаълим мактабларида 39 мингдан ортиқ ўқувчи, мактабгача таълим ташкилотларида 11 мингдан ортиқ фарзандларимиз таълим-тарбия олмоқда. Ҳар бир умумтаълим мактабимизда дарслар бошланишидан аввал Ўзбекистон Давлат мадҳияси ижро этилиб, Давлат байроғи кўтарилади. Бугунги тонг ҳам худди шундай бошланди. Лекин бугунгиси бошқача, чунки бугун давлат байроғи қабул қилинган кунга 33 йил тўлди. Ҳар бир таълим муассасасида болажонларимизга Давлат байроғимиз бизнинг фахримиз, ғуруримиз, давлатимизнинг биринчи рамзи экани, ундаги ранглар, ой ва юлдузлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Байроғимиз қабул қилинган кунга бағишлаб ўтказилган тадбирларда ўқувчилар мамлакатимиз давлат рамзлари, уларнинг тасвирлари мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида чиқишлар қилди. Ўқувчиларнинг Давлат байроғининг тасвири моҳияти, ундан фойдаланиш қоидалари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари йиғилганларга манзур бўлди. Ўқувчилар Давлат байроғи мадҳига бағишланган шеър ва қўшиқларни маҳорат билан ижро этди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Jjrm_OlOkOI?si=NtkS2cBc8GRNzvHx" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (видео,сурат),
ЎзА мухбирлари