Давлат байроғи – мустақил Ватан тимсоли
Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлигининг 33 йиллигига бағишланган тадбирлар Самарқандда ҳам юксак савияда ташкил этилди.
Тадбирлар Регистон майдонидан бошланди. Бу ерда 20х40 метр ўлчамдаги улкан байроқ ёзилди ва ҳарбийлар, Миллий гвардия ходимлари, ёшлар ва жамоатчилик иштирокида Кўксарой майдони – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи ўрнатилган ҳудудга олиб келинди.
60 метрлик флагштокда ҳилпираб турган давлат байроғи остида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Вилоят ҳокимлиги вакиллари, олий ўқув юртлари жамоалари, ёзувчи ва шоирлар, маданият ходимлари, маънавият тарғиботчилари иштирокида ўтказилган учрашувда байроқ давлатнинг муҳим рамзларидан бири эканлиги қайд этилиб, давлат байроғининг қабул қилиниш жараёнлари, қонунчиликда белгиланган қоида ва тамойиллар ҳақида сўз юритилди.
[gallery-20421]
– Тилшуносларнинг таъкидлашича, байроқ қадимги туркчада “базирақ”, “бадироқ”, “батироқ” тарзида ҳам қўлланган, – дейди Пастдарғом туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактаби тарих фани ўқитувчиси Шарифжон Сахатов. – Уни туғ, ялов, санчоқ (санжоқ) номлари билан ҳам атаганлар. Байроқ бирор эл-улус, қавмнинг эркинлик белгиси бўлиб, у баланд жойларда, ҳукмдорлар чодири тепасига ўрнатилган. Бугун дунёдаги давлатларнинг ҳар бири ўз байроғига эга. Давлат байроғи муқаддас саналади. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни, келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир. Давлат байроғи мамлакат суверенитетининг рамзи ҳисобланади. У ер юзида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади.
Тадбирда таниқли шоирлар, театр намояндалари ўз бадиий дастурларини намойиш этди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари