Дастурлашни бепул ўрганиш мумкин
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида жорий йилнинг 21 ноябрь куни ёшларга арзон ва сифатли IT-таълимни тақдим этишга йўналтирилган кенг миқёсли «One Million Uzbek Coders» лойиҳаси ишга тушади.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида жорий йилнинг 21 ноябрь куни ёшларга арзон ва сифатли IT-таълимни тақдим этишга йўналтирилган кенг миқёсли «One Million Uzbek Coders» лойиҳаси ишга тушади.
Шу муносабат билан ўтказиладиган тантанали маросимда ҳукуматимиз аъзолари, юртимиздаги вазирлик ва идоралар вакиллари, Бирлашган Араб Амирликлари делегацияси иштирок этади.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетидан олинган маълумотларга кўра, «One Million Uzbek Coders» лойиҳаси ҳақида илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов “Очиқ инновациялар” VIII Москва халқаро форумида маълум қилган эди.
Лойиҳа кенг аҳоли қатламини махсус онлайн-портал орқали масофадан туриб дастурлаш бўйича ўқитишни кўзда тутади. Бундан кўзланган асосий мақсад рақамли технологиялар бўйича янги авлод мутахассисларини тайёрлашдан иборат.
Лойиҳа бир неча босқични ўз ичига олган. Хусусан, унинг биринчи босқичи маълумотлар таҳлили, Android-, FrontEnd- ва FullStack-ишланмалар сингари глобал меҳнат бозорида талаб энг юқори бўлган мутахассисликларни қамраб олади. Ўқитиш курси 120 соатга мўлжалланган. Ҳар бир босқич лаборатория ишларини тайёрлаш ва тегишли сертификатларни олиш билан якунланади.
Бундай ўқув курсларининг энг яхши битирувчилари келгусида грантлар ютиб олиши ва «Udacity» хусусий таълим ташкилотининг юздан ортиқ Nanodegree дастурларининг биттаси бўйича ўқишни давом эттириши мумкин. Бунинг учун якуний имтиҳонларни муваффақиятли топшириш ва энг юқори балларга эга 150 нафар талабалар рўйхатига кириш керак бўлади. Таъкидлаш жоизки, Nanodegree дастури дипломлари IT-саноатдаги Google, AT&T, Autodesk, Salesforce каби нуфузли компаниялар эътирофига сазовор бўлган.
Масофадан туриб дастурчиларни тайёрлаш бўйича «One Million Arab Coders» лойиҳаси илк маротаба БААда амалга оширилган эди. Ҳукуматимиз ушбу лойиҳани Ўзбекистонга экспорт қилиш имкониятларини ўрганиб, концепцияни юртимиз шароитларига мослаштириш режасини ишлаб чиқди ва «One Million Uzbek Coders» номи остида ушбу ташаббусни ишга туширди.
Мамлакатимизда ушбу лойиҳа Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Dubai Future Foundation» ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
«One Million Uzbek Coders» лойиҳасида қатнашиш истагида бўлганлар тегишли тартибда ариза беришлари мумкин.