Дастурхон ҳам, бозор ҳам тўкин
Президентимизнинг “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ўқиб...
Президентимизнинг “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ўқиб...
Замини унумдор, серқуёш юртимиз қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг барча турлари, айниқса, мева-сабзавот, полиз экинлари етиштириш учун жуда қулай ҳисобланади. Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли фермер ва деҳқонларимиз, боғбону соҳибкорларимиз ҳар қарич ердан самарали фойдаланиб, халқимиз дастурхони тўкинлиги, бозорда нарх барқарорлигини таъминлашга катта ҳисса қўшмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотларини меъёрларга мос ҳолда аҳолига узлуксиз етказиб бериш, уларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлашга эришилмоқда.
Бу маҳсулотларга хорижда ҳам талаб юқори бўлиб, айни пайтда мамлакатимиз 180 дан ортиқ турдаги мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларни дунё бозорига чиқармоқда.
Президентимизнинг шу йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Қарорга кўра, 2016 йилги ҳосилдан бошлаб мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмасининг жорий этилиши деҳқон ва фермерларнинг манфаатдорлигини ошириш, маҳсулотни сифатли қайта ишлаш ва сақлаш, бозорга рақобатбардош маҳсулот чиқариш имкониятларини янада кенгайтиради.
– Кўп тармоқли фермер хўжалигимизнинг 9 гектар боғи бор, – дейди Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги “Сардорбек-Мақсуд-Остона боғ олмаси” фермер хўжалиги раиси Парда Остонаев. – Олма, ўрик, гилос, шафтоли, олхўри дарахтлари ҳосилга кирган. Ўтган йили қайта ишлаш корхонасига шартнома асосида 100 тоннага яқин мева етказиб бердик. Самарқанд шаҳри ва туманимизда ташкил этилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари савдо ярмаркаларида қатнашдик. Хўжалигимиз аъзоларининг эҳтиёжи ўзимиз етиштирган маҳсулотлар ҳисобидан қондирилади. Очиқ майдонлар билан бирга, боғ қатор ораларига ҳам картошка, сабзавот экинлари экишни йўлга қўйганимиз маҳсулот ҳажми ва хўжалигимиз даромадининг ошишига хизмат қилмоқда. Президентимизнинг яқинда эълон қилинган қарори бу борадаги имкониятларимизни янада кенгайтирди. Айниқса, маҳсулот етиштирувчи ва қайта ишловчилар ўртасидаги шартнома муносабатларининг аниқ белгилаб қўйилиши, мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари, узум фермер ва деҳқон хўжаликларидан келишилган, бозор нархларида харид қилиниши кўнглимиздаги гап бўлди. Чунки маҳсулотни сотиш учун шартнома тузишда, кўп ҳолларда, харид қилувчи қўйган шартларга кўнишга мажбур бўлар эдик. Энди давлат буюртмаси доирасида тузиладиган контрактация шартномалари асосида маҳсулот етиштирувчига шартнома қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бўнак бериши ҳам белгилаб қўйилди.
Бугунги кунда вилоятдаги деҳқон-фермер хўжаликларида боғ ва узумзорларга ишлов бериш, очиқ майдонларга сабзавот ва полиз экинлари экиш билан бирга, токзор ва боғлар орасидан ҳам самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Вилоятимизда барча тоифадаги хўжаликлар тасарруфида 40 минг 200 гектардан ортиқ токзор, 32 минг 300 гектар боғ мавжуд, – дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бош мутахассиси Мақсуд Қорабоев. – Ушбу майдонларнинг сув ва тупроқ шароити, имкониятлари ўрганилиб, токзорлар ва боғлар орасига сабзавот экинлари экилмоқда. Ҳозиргача 600 гектардан ортиқ майдонга картошка, 12 минг гектарга нўхат, 2 минг 500 гектар ерга қовоқ экилди. Шунингдек, карам, сабзи, пиёз, лавлаги, помидор, бодринг, саримсоқ, кўкатлар етиштирилаётир.
Бу саъй-ҳаракатлар бозорларимизда йил бўйи тўкинлик, нарх-наво меъёрида бўлишига, пировардида аҳолининг турмуши янада юксалишига хизмат қилади.