Дастлабки маҳсулотлар бозорга чиқди
Наманган туманидаги “Imron textile group” хусусий корхонаси ишлаб чиқарган дастлабки маҳсулотлар бозорга чиқарилди.
Наманган туманидаги “Imron textile group” хусусий корхонаси ишлаб чиқарган дастлабки маҳсулотлар бозорга чиқарилди.Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор мамлакатимизда импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар кўпайишида муҳим омил бўлмоқда. Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Imron textile group” хусусий корхонаси ҳам Наманган вилояти саноати салоҳиятини ошириш дастури доирасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишида амалга оширилган истиқболли лойиҳалардан биридир.
2014 йил ёш тадбиркор Исломжон Қутбиддинов ташкил этган мазкур корхона замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Хориждан компьютерлаштирилган тизимда бошқариладиган энг замонавий тикув дастгоҳлари келтириб ўрнатилди. Мутахассис ва тажрибали тикувчилардан иборат меҳнат жамоаси шакллантирилиб, уларни янги технологиялар билан ишлашга ўргатиш, синов-ишлаб чиқариш жараёнлари ҳам муваффақиятли ўтказилди.
– Узоқни кўзлаб иш тутиш тадбиркорликнинг асосий шартларидан биридир, – дейди И.Қутбиддинов. – Айниқса, хориж технологиялари билан ишлашда ишлаб чиқариш самарадорлиги ва юқори сифатнинг барча омилларини синовдан ўтказмай туриб корхонани ишга тушириш муваффақиятсизликка сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун биз тайёргарлик ишларига вақтни аямадик.
Пухта режа асосида амалга оширилган ишлар натижасида корхонада ойига 120 мингта трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқариш қуввати яратилди. Айни кунларда бу ерда эркаклар, аёллар ва болалар учун 20 дан ортиқ турдаги кийим-кечаклар тайёрланмоқда. Жорий йилнинг 6 ойида 100 миллион сўмлик хушбичим трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Корхонада 15 кишининг доимий иш билан таъминлангани бандлик дастури ижросига қўшилган муносиб ҳисса бўлди.