
Бухоро вилоятида 2024-2025 ўқув йилида умумтаълим мактаблари ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш мақсадида жами 4 056 015 нусха дарслик ва ўқув-методик мажмуалар базасини шакллантириш белгиланган. Шундан ўзбек синфлари учун 3 696 776 дона, рус синфлар учун 345 209 дона, қозоқ синфлар учун 7 652 дона, брайль ёзувидаги 3 232 дона, махсус мактаб ўқувчилари учун 3 146 дона дарсликлар ажратилган.
– Берилган буюртма асосида умумтаълим мактабларига 4 056 015 нусха дарсликлар тўлиқ тақсимот қилинган, – деди вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Қурбонов. – 2024 йил 26 август ҳолатида 1-синфлар учун жами 1 029 912 нусха дарсликлар таълим муассасаларига тарқатилди. Вилоятдаги барча умумтаълим мактабларининг кутубхона жамғармасидаги мавжуд дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар синфлар, тиллар ва фанлар кесимида хатловдан ўтказилди. Хатлов натижалари бўйича туманлар ва мактаблар кесимида қайта тақсимот ишлари амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда 2023-2024 ўқув йили якунидаги ўқувчи сони асосида мактаблараро дарсликларни қайта тақсимоти амалга оширилмоқда. 2024-2025 ўқув йили бошлангандан сўнг, ўқувчилар ҳаракати асосида сентябрь ойида яна қайта тақсимот ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.