Даромад топишнинг қулайликлари
Қайта тикланувчи энергия манбалари бугунги кунда глобал иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларга қарши курашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга хонадонларга ўрнатилаётган қуёш панеллари аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш билан бирга қўшимча даромад олишга ҳам имконият яратмоқда.
Бухоро вилояти Қоракўл туманининг Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи Зулқарнай Арабов ўз хонадонида қуёш панелларини ўрнатиб, оиласининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлаб, ортиқча электр энергияни давлатга сотиб қўшимча даромад ҳам топмоқда.


– Хонадонимизга 40 кВт соат қувватга эга қуёш панелларини ўрнатдик. Бу нафақат оиламиз учун етарли, балки, истеъмолимиздан ортган қисмини сотиш орқали даромад олишга имкон бермоқда. Кредит орқали ўрнатилган панеллар орқали олаётган манбалар сотган электр энергиямиздан келаётган даромад ўзини ўзи бемалол қопламоқда. Барчага қуёш панелларини ўрнатиб, муқобил энергия манбаига эга бўлишларини тавсия қиламан. Ҳозирда яна 50 кВт соат қувватга эга қуёш панелларини ўрнатишни бошладик, – дейди Зулқарнай Арабов.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири