Даромад маҳсулот сифатига боғлиқ
Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги “Зарбулоқ” фермер хўжалиги пахта етиштиришдан яхши даромад олиб, йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. 230 гектар ерда деҳқончилик қилаётган фермер ўтган йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришдан 105,7 миллион сўм соф фойда олди.
Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги “Зарбулоқ” фермер хўжалиги пахта етиштиришдан яхши даромад олиб, йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. 230 гектар ерда деҳқончилик қилаётган фермер ўтган йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришдан 105,7 миллион сўм соф фойда олди.
Деҳқоннинг даромади етиштирган маҳсулотининг сифатига боғлиқ. Тажрибали деҳқон Қувондиқ Эсиргапов бошчилик қилаётган фермер хўжалигида барча ҳосил тўлиқ биринчи навларга топширилади.
– Фермерга ҳам, давлатимизга ҳам юқори навли, толаси сифатли пахта керак, – дейди Қ.Эсиргапов. – Юқори навли пахтанинг харидори кўп. Ҳар йили Тошкентда бўлиб ўтадиган халқаро пахта ярмаркасини телевидение, матбуот орқали кузатиб, пахтамизга жаҳон бозорида талабнинг ортиб бораётганидан фахрланаман.
Хомашёни юқори навларга топширишнинг асосий шарти ҳосилни барвақт етиштириб, кузнинг ёғин-сочин кунларига қолдирмай йиғиштириб олишдир. Пахтамиз бу йил ҳар қачонгидан барвақт етилди. Давлатимиз томонидан барча имкониятлар яратиб берилаётгани, ўғит, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, уруғлик каби керакли ашёлар, банк кредитлари билан ўз вақтида таъмиланаётганимиз туфайли чигит эрта экилди. Ғўзага агротехник талаблар асосида ишлов бердик. Саратон иссиқ келиб, ғўза ўзига керакли ҳароратни тўлиқ олди. Ҳосил чўғи салмоқли. Бу мавсумда ҳам мўлжалдаги ҳосилни тўлиқ биринчи навларга топширишни режалаштирганмиз.
Фермер ердан олинаётган даромадни аввало ерни бойитишга, унинг унумдорлигини оширишга сарфлайди. Шу мақсадда худуддаги 17 километр узунликдаги зовур ҳамда ёпиқ дренажлар тозаланди. Бу ишга бошқа фермерлар ҳам жалб этилиб, 9,5 миллион сўмлик иш бажарилди. Натижада ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди, балл бонитети 35 дан 63 га кўтарилди. Ўртача ҳосилдорлик пахтачиликда 32 центнерга, ғаллачиликда эса 56 центнерга етди.
Хўжалик пахтачиликдан олинаётган даромад ҳисобига техника базасини мустаҳкамлаётир. Бешта чопиқ, битта “Катон” ҳайдов, иккита транспорт трактори, шунингдек, бошқа турдаги қишлоқ хўжалик агрегатларидан самарали фойдаланмоқда. Хўжаликда ишлаётган 42 ишчининг барчаси ўз касбининг устаси, миришкор деҳқон. Шунингдек, бир неча турдаги техникани бошқариш маҳоратини ҳам эгаллаган.
Ана шу техник ва иқтисодий имкониятлардан самарали фойдаланган хўжалик жамоаси чигит экишдан бошлаб ғўза парваришигача барча агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириб келмоқда. Бу йил 110 гектар майдонда пахтадан мўл ҳосил етиштирилди. Ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғиштириб, қабул пунктларига етказиб бериш бўйича пухта ҳозирлик кўрилди. Ўқариқлар кўмилиб, дала четлари техника юриши учун текисланди. Хирмонжойлар, тош-тарозилар тахт. Хўжаликнинг иккита дала шийпонида теримчиларнинг маданий дам олишлари учун барча қулайликлар яратилди.
Деҳқоннинг бойигани – юртнинг бойигани, деб бежиз айтишмайди. Хўжалик олаётган соф фойда ҳисобидан қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, қишлоқ мактаби эҳтиёжларига, болалар спортини ривожлантиришга амалий ёрдам бераётир. Жумладан, ўтган йили ана шу мақсадлар учун фермер хўжалиги томонидан 5,5 миллион сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Бу йилги даромаднинг ҳам маълум қисмини шундай мақсадларга йўнатириш режалаштирилмоқда.