2021 йилнинг 14 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюриб, у ерда даволанаётган бемор болалар ҳолидан хабар олган эди. Давлатимиз раҳбарининг болалар онкологияси бўлимидаги болалар ва уларнинг ота-онаси билан бўлган суҳбатида наманганлик Нодирабегим Қосимова Президент мактабида ўқиш истаги борлигини билдирган.
– Турмушимизнинг ўн йили давомида бефарзандликда синалдик, – дейди Нодирабегимнинг онаси Комила Отахонова. – Нодирабегим тўнғич фарзандимиз. 10 йил кутган қизалоғим ёшлигидан жуда зеҳнли, чаққон бўлиб улғайди. Қизимни 5 ёшида спортнинг бадиий гимнастикага турига олиб борганмиз. У спортни жуда севарди. Гимнастика билан шуғулланиб юрганида, устозлари рақс тўгарагига ҳам боришини тавсия қилишди.
Ёш бўлишига қарамасдан, кўплаб ютуқларга эриша бошлади. 2019 йили Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилган болалар халқаро ижодиёт фестивалида иштирок этиб, Гран-прини қўлга киритди.
Сочидаги тадбирлардан сўнг Нодирабегим дугоналари билан денгизга чўмилгани борган. Ўзининг айтишича, чўмилишлардан бирида чап оёғини қаттиқ жисмга уриб, шикастлаб олади. Ўша онда унинг оёғида озгина кўкариш пайдо бўлган. Оғриқ ҳам у қадар кучли бўлмаган. Сафардан қайтиши билан менга бу ҳақда билдирди. Ўзи табиатан жуда таъсирчанман. Фарзандларим соғлигидаги ҳар бир муаммога жиддий қарайман. Қизимни шу куниёқ туманимиздаги шифокорга олиб бориб кўрсатдик. У енгил муолажалар олди. Тузалиб, яна спорт ва санъат билан шуғулланишда давом этди.
Афсус, инсон бу дунёда яшар экан, турли хил дард ва ғам-ташвишлар билан синалар экан. Аксига олиб, орадан икки йил ўтиб, қизим мактаб партасига урилиб, чап оёғи лат ейди. Ташхислардан сўнг, Нодирабегимнинг болдирида ўсма борлиги аниқланди.
Биласизми, ҳаётимдаги эшитган энг ёмон ва қўрқинчли хабарим туман шифокорларининг Нодирабегим оёғини сақлаб қолишнинг имкони йўқ, дегани бўлди. Бу вақтда қизим эндигина 13 ёшни қарши олаётган эди. Бу азоб Нодирабегимники эмас, аслида мен ва отасиники бўлди. Унга ташхис ҳақида ҳеч нарса сездирмасликка уриндик. Биз зудлик билан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказидаги мутахассисларга мурожаат қилдик.
Нодирабегим синовларга, оғриқларга бардош беришига тўғри келди. Унинг оёқлари сақлаб қолинди. Аммо операциядан кейин бир зум депрессияга тушди. Ўша кезлари ҳеч ким билан кўришишни ҳам, гаплашишни ҳам истамас эди. Нодирабегимнинг руҳиятини инобатга олган шифокорлар уни четроқда, холироқ жойдаги палатага олишди. Шунда шифохонага Президент келиши тўғрисидаги хабар тарқалди. Аммо биз жойлашган чекка хонага давлатимиз раҳбарининг кириб келишини тасаввур қилмаганмиз. Фақат қизимга озгина соғайганингда ўзинг Президент ёнига чиқиб дуо сўрардинг болам, дея илтижо билан термулганим ёдимда...
Президент биз даволанаётган хонага кириб келди. Қизимдан ҳол-аҳвол сўради. Унинг келгусидаги орзу-мақсадлари билан қизиқди. Тушкунликка тушиб, дард билан олишиб ётган қизимнинг чиройи ёришиб кетди. У ўз дадасига эркалангандек, Президентимизга ўз орзулари ҳақида сўзлаб берди.
Ўша йили янги ўқув йили бошланганидан сўнг Нодирабегимни Намангандаги Президент мактабига чақиришди ва бу ерда 7-синфда ўқишни бошлади. Бугун қизим яна аввалги ҳолига қайта бошлаган. У бутунлай билим олишга шўнғиб кетган. Ҳатто шифокорлар тавсияси билан рақс ва гимнастика билан ҳам шуғулланиб туради. Келгусида ўзи шифокор бўлмоқчи. Ҳа, қизим, оғир дардни енгди. Дардга қарши мардонавор курашди.
Нодирабегим Қосимова яқиндагина ўқувчиларга “Орзу бекати” номли янги китобини туҳфа этди. У ҳамон изланишда. У ўзининг серқирра салоҳияти, истеъдоди билан юксак натижаларга эришишни мақсад қилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА