Дарахтларни муҳофаза қилишда янги тартиб: энди кўчириб ўтказиш ҳам аниқ тартиб асосида амалга оширилади
Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарлар ва қишлоқлардаги яшил ҳудудларни сақлаб қолиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.
Шу мақсадда қабул қилинган Ҳукуматнинг 2026 йил 30 июндаги тегишли қарори давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Мазкур қарорнинг энг муҳим жиҳати шундаки, аввал амалиётда турлича талқин қилиниши мумкин бўлган дарахтларни кўчириб ўтказиш жараёни аниқ ҳуқуқий мезонлар билан тартибга солинди. Энди ердан 1,3 метр баландликда тана диаметри 15 сантиметргача бўлган дарахтлар ҳамда илдиз бўғзи диаметри 10 сантиметргача бўлган буталарни кўчириш фақат белгиланган тартибда рухсатнома асосида амалга оширилади.
Бу тартибнинг жорий этилиши, аввало, яшил ҳудудларни асоссиз йўқотишнинг олдини олишга қаратилган. Чунки айрим ҳолларда қурилиш, коммуникация ёки ободонлаштириш ишлари баҳонасида дарахтлар назоратсиз кўчирилган ёки зарарланган. Энди эса ҳар бир ҳолат масъул идоралар назорати остида амалга оширилади.
Қарорда экологик талабларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, дарахт ва буталарни санитар мақсадида кесиш, шакл бериш ҳамда кўчириш ишлари ўсимликларнинг табиий биологик ҳолатини инобатга олган ҳолда, куз мавсумида — вегетация даври якунлангандан кейин бошланиб, баҳорнинг 1 апрелигача амалга оширилиши белгиланди. Бу эса кўчирилган дарахтнинг янги жойда илдиз отиб кетиш эҳтимолини оширади.
Яна бир муҳим талаб — дарахтлар илдиз тупроғи сақланган ҳолда кўчирилиши шарт. Мутахассисларнинг таъкидлашича, илдиз атрофидаги тупроқ сақланса, дарахтнинг янги муҳитга мослашиши ва яшаб қолиш имконияти анча юқори бўлади. Демак, қарор нафақат ҳуқуқий, балки илмий ва агротехник ёндашувларга ҳам асосланган.
Энг муҳим янгиликлардан бири, рухсатнома олувчиларнинг масъулияти кучайтирилганидир. Энди дарахт ёки бутани кўчириш учун берилган рухсатнома уни камида 3 йил давомида парвариш қилиш шарти билан расмийлаштирилади. Бу талаб дарахтни фақат бир жойдан иккинчи жойга кўчириш билан чекланмасдан, унинг яшаб қолиши учун ҳам жавобгарлик юклайди.
Мазкур қарор экологик мувозанатни сақлаш, шаҳарлардаги яшил ҳудудларни асраб-авайлаш ва табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, дарахт энди оддий ободонлаштириш объекти эмас, балки муҳофаза қилиниши лозим бўлган табиий бойлик сифатида қаралади.
Бу ўзгаришлар фуқаролар, тадбиркорлар ва ташкилотларга ҳам катта масъулият юклайди. Чунки ҳар бир кўчирилган дарахтнинг кейинги тақдири учун жавобгарлик белгиланиши экологик маданиятни юксалтиришга ва “яшил макон” тамойилларини ҳаётга самарали татбиқ этишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА