Дарахтлар муҳофазаси қонун ҳимоясида
Мутахассисларнинг таъкидлашича, битта дарахт бир йилда икки кишига етарли қислород ишлаб чиқаради. Ёзда эса ҳавони 2-8 даражагача салқинлаштириб, уйлар ёнида ҳавони мўътадиллаштиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, “яшил тараққиёт” га эришиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан дарахтзорларни кўпайтириш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида яшил ҳудуд ва жамоат парклари ташкил этилмоқда. Лойиҳа доирасида барча ҳудудларда миллионлаб туп дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилди. Аксарияти бугунги кунда кўкариб, яшилликка бурканган.
Аммо айрим жойларда бунинг аксини кўриш мумкин. Куз ёхуд баҳорнинг илк ойларида экилган дарахт ва буталар ханузгача кўкармасдан, “қиш уйқуси”да. Навоий шаҳрининг Ислом Каримов кўчаси “Меъморлар” ва Низомий кўчалари оралиғи кўча ва пиёдалар йўлаги ёнларига, шунингдек, Алишер Навоий номли боғ, унга ўрнатилган байроққа “Меъморлар” кўчаси тарафдан борувчи йўлак атрофига экилган юзлаб дарахт ниҳоллари “туғилди-ю шу он бўғилиб” кўкаришга улгурмаган.
Хўш бунга сабаб нима, уларни парваришлаш кимнинг зиммасида? Бирор бир меъёрий ҳужжатларда дарахт ва буталарни экиш ва парваришлаш, кесиш ва шикастлантириш ёхуд бошқа омиллар учун жавобгарлик белгиланганми?
Шу ва бошқа саволларга ОАВ вакиллари ва блогерлар Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилган матбуот анжуманида жавоб олишди.
Матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Улуғбек Раззоқов “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятда амалга оширилган ишларга батафсил тўхталди.
Вилоятда баҳор мавсумида ҳудудлар иқлими ва суғориш тизимини инобатга олган ҳолда 8 миллион 790 минг дона дарахт ва бута кўчати экиш режалаштирилган бўлиб, 9 миллион 249 минг дона кўчат экилган.
[gallery-6854]
– Вилоятнинг умумий майдони 11,1 миллион гектарни ташкил этиб, ўртача 1 миллион 840 минг гектари яшил майдонлардан иборат, – деди У.Раззоқов. – Лойиҳа доирасида 120,5 гектар ҳудудда яшил майдонлар ва 48,2 гектар майдонда жамоат парклари, жумладан 18 та “яшил боғ”, 17 та “яшил жамоат парки, шунингдек, 11 та “каштан кўчаси”, “эман кўчаси” ва “чинор кўчаси” каби намунавий кўчалар ташкил этиш борасида ишлар бошланган. Барча туман ва шаҳарларда академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти олимлари иштирокида кўчат экиш ва парваришлаш масалаларига бағишлаб амалий ўқув семинарлари ўтказилди.
Таъкидланганидек, 2021 йил давомида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесган жисмоий ва юридик шахсларга нисбатан 403 миллион сўм жарима ва 661 миллион сўм зарарни ундириш бўйича қарор қабул қилинган. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса қарийиб 46 миллион сўм жарима ва 78,3 миллион сўм зарарни ундириш белгиланди.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ва блогерларни қизиқтирган саволларга бошқарма мутасаддилари томонидан жавоб қайтарилди.
Бирор бир меъёрий ҳужжатларда дарахт ва буталарни экиш ва парваришлаш, кесиш ва шикастлантириш ёхуд бошқа омиллар учун жавобгарлик белгиланганми? Бу саволга бошқарма бошлиғи биринчи ўринбосари Хайрулла Бақоев шундай жавоб берди:
– Албатта, белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасига кўра, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли бўлган ашёни ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Юридик шахсларга тегишли бўлган ёки ўзларига бириктирилган ҳудудларда дарахтларни муҳофаза қилиш ва сақлашга доир қонунчиликда белгиланган чораларни кўрмаганлик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА.