Ижтимоий тармоқларда Когон-Бухоро йўлида дарахтларнинг олиб ташланаётгани билан боғлиқ хабар тарқалди.
Вилоят Экология бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнау” автомобил йўлининг 218-228 км (20 км) қисмида реконструкция лойиҳаси доирасида қурилиш таъсир доирасига тушган жами 1824 туп мевали ҳамда манзарали дарахтлар қонунчилик талаблари асосида ҳоли ҳудудларга кўчириб ўтқазилмоқда. Ушбу жараён Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сонли қарорининг 5-боб 33-бандига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Шунингдек, 1824 туп дарахтнинг 151 тупи кўҳна ва боқий Бухоро мажмуаси ҳамда янги Ўзбекистон боғига кўчириб ўтқазилмоқда. Қолган дарахтларни ҳам ҳоли ҳудудларга кўчириш ишлари изчил давом эттирилади.

Маълумот учун, А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнау” йўлида реконструкция ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ушбу жараён давомида лойиҳа доирасига тушган барча дарахтлар экологик талаблар ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ равишда янги жойларга кўчириб ўтқазилиши таъминланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири