Сўнгги йилларда “Яшил макон” миллий ҳаракати кенг қулоч ёйиб, мамлакатимизнинг турли манзилларида кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш, экилган дарахт, буталарни муҳофаза қилиш ва яшил майдонларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дов-дарахтларни асраш, уларни парваришлаш ва турли салбий таъсирлардан муҳофаза қилиш ҳам шу кундаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу сабабдан, Экология вазирлиги томонидан июль ойи давомида “Дарахтга нафас беринг!” акцияси ташкил этилди.
Жиззах вилоятида ҳам ўтказилаётган ушбу акцияда давлат назорат органлари билан ҳамкорликда жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этмоқда. Дарахт шоҳларига безак учун илинган электр осма чироқлар улар ривожига тўсқинлик қилишини кўпчилик билсада, бунга эътибор қаратмайди. Бу электр таъминотининг танқислигига ҳам сабаб бўлади.
Бу каби манзарани нафақат Жиззах шаҳрининг марказий кўчаларида, балки бошқа кўпгина хизмат кўрсатиш ва овқатланиш жойларида ҳам кузатиш мумкин. Шу каби салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан “Дарахтга нафас беринг” тадбири ўтказилмоқда.
[gallery-18233]
– Дарахтларга реклама баннерларини осиш, унинг остки қисмини бетонлаб ташлаш ёки электр симларини ўраш дарахтларга шикаст етказиш деб баҳоланади ва бу кислород манбаига етказилган зарарга қараб, амалдаги қонунларимиз асосида мажбурий чоралар қўлланилиши белгилаб қўйилган, – дейди вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси биохилмахиллик бўлими бош мутахассиси Нодир Тоғаев. –Жиззах шаҳридаги “Иттифоқ”, “Обод”, “Маданият” ва “Заргарлик” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида ўтказилган мазкур акцияда экология ходимлари билан бирга миллий гвардия, ИИБ жамоат тартибини сақлаш бўлими ходимлари ҳам иштирок этди.
Тадбирда дарахтларга илинган электр чироқлари, қоқилган реклама баннерлари ва видеокамералар олиб ташланди. Шунингдек, бетон қопламалар билан қопланган дарахтларнинг ости қопламалардан халос этилди. Дарахтларга кўрсатилган салбий таъсирлар натижасида 13 та ҳолатда шикаст етказилганлиги аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 33 миллион 320 минг сўм миқдорда жарима чораси қўлланилди. Ўсимлик дунёсига эса 8 миллион 840 минг сўм миқдорида зарар етказилганлиги учун даъво суммалари белгиланган.
Жиззах вилоятининг бошқа ҳудудларида ҳам “Дарахтга нафас беринг!” акцияси қизғин давом этмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА.