Дарахт экиш тадбирларида раҳбарлар ҳам иштирок этмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизим ташкилотларида дарахт экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” тадбири уюшқоқлик билан бошлаб юборилди. Бу тадбирларда раҳбарлар ҳам иштирок этиб, соҳа ходимларига намуна кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Д.Усаков Хўжайли туманида дарахт экишда иштирок этди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бошқармаси бошлиғи Қ.Муратов ҳам дарахт экиб, ушбу тадбирнинг аҳамияти ҳақида гапириб ўтди. Масъуллар дарахт экиш билан бирга ирригация ва мелиорация объектларини тозалаш, гидроиншоотларни таъмирлаш, умуман, куз-қиш мавсумида амалга ошириладиган тадбирлар бўйича вазифаларни белгилаб берди. Тадбир доирасида тумандаги хўжаликлараро ва ички каналларни тозалаш ишлари ўрганилди.

– “Долзарб 40 кунлик” тадбири доирасида туманимиз сув хўжалиги ходимлари 36 мингдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экишни режалаштирган, – дейди Хўжайли тумани ирригация бўлими бош гидрометри Авезимбет Абдирейимов. – Бу ишларни тизимли ташкил қилиш учун сув хўжалиги объектларига тегишли қайси майдонга қандай дарахт кўчатларини экиш бўйича жадвал ишлаб чиқилди. Унда кўчат экиладиган майдонларнинг тупроқ иқлим шароитидан келиб чиқиб, 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумида асосан тут, терак, тол ва жийда дарахти кўчатлари экилиши назарда тутилди. Бунинг учун кўчат етиштирувчи ташкилотлар билан шартнома туздик. Бугун дастлабки кўчатлар белгиланган майдонларга экилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизим ташкилотлари томонидан куз-баҳор мавсумида жами 33 миллион тупдан ортиқ дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА