Дарахт экиб, боғ яратиш хайрлидир
Мана бир неча йилдирки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Натижада дарахт ва бута кўчатлари экиш, боғлар барпо этиш, яшил майдонларни кенгайтириш, саноат ҳудудларини иҳотазорлаштириш республикамизда оммавий ҳаракатга айланди.
Навоий вилоятида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Ҳар бир фуқаро учун – бир дарахт” тамойили асосида жорий йилнинг баҳорги кўчат экиш мавсумида 8 миллион 842 минг туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилиши белгиланган бўлса, амалда қарийб 9 миллион 235 минг дона кўчат экилди. Энг муҳими, ушбу кўчатларнинг 1 миллион 533 минг донадан зиёдроғи маҳаллалар ва аҳоли томорқаларига, қарийб 120 минг донаси мактабгача ва мактаб таълими, олий таълим, фан ва инновациялар муассасалари ҳамда уларга туташ ҳудудларга экилди.

Бундан ташқари, кўчатлар умумфойдаланиш автомобиль йўллари, туман-шаҳар ички йўллари ва йўл ёқасига, ўрмон фонди ерларига, фермер хўжаликлари дала четларига, ижтимоий соҳа объектлари, корхона ва хизмат кўрсатиш тармоқлари ҳудудларига, ободонлаштириш бошқармасига қарашли ҳудудлар ҳамда бошқа майдонларга экилди. Кўчатлар нархининг асоссиз ошиб кетмаслиги учун жойларда кўчат ярмаркалари ва савдо нуқталари ташкил этилди.

Шу билан бирга вилоятдaги 77 та саноат корхоналари, “Яшил ҳудуд” давлат унитар корхонаси томонидан “Яшил белбоғ”лар барпо этилди.
2025 йил 15 мартдан бошлаб туман ва шаҳарларнинг аҳоли пунктлари ёки уларга туташ бўлган ҳудудларидан “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида “яшил боғ” ва “яшил жамоат парки”ни барпо этиш учун 1 гектаргача ер майдонлари “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштирилди.

Бугунги кунда вилоятнинг барча ҳудудларида экилган кўчатлар суғорилиб, парваришланмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири