Данғаранинг ташаббускор тадбиркори
Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Данғара туманида бўлиб, “Қияли” маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркор Дилшода Усмонова ташаббуси билан давлат-хусусий шериклик тамойили асосида қуриб битказилган МФЙ биноси, янги замонавий мактабгача таълим ташкилоти ҳамда эркаклар кўйлаги ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишди.
Ушбу қурилишлар учун жами 5,5 миллиарддан зиёд маблағ сарфланган бўлиб, самарада 3 минг 200 дан зиёд аҳолиси бўлган маҳаллада қатор қулайликлар яратилди.
Жорий йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширилган “Қияли” маҳалла фуқаролар йиғини идорасида барча замонавий шароит яратилган бўлиб, маҳалла раиси, котиб, маслаҳатчилар, профилактика инспектори, шунингдек янги жорий этилаётган ҳокимнинг маҳалла бўйича ёрдамчиси учун алоҳида хоналар ажратилган.
[gallery-5093]
Вилоят ҳокими маҳалла раиси, профилактика инспектори, янги жорий этилган ҳокимнинг маҳалла бўйича ёрдамчиси билан суҳбат қурди. Профилактика инспектори маҳалла ҳудудида амалга оширилаётган ишлар, жиноятчиликни олдини олиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси хусусида маълумот берди.
Эркаклар кўйлаги ишлаб чиқариш корхонасига қарийб 500 миллион сўмлик тикувчилик дастгоҳлари ўрнатилган. Ҳозирда бу ерда 50 нафар маҳаллий хотин-қиз иш билан банд.
Вилоят раҳбари корхона ёнида фаолият бошлаган 120 ўринли мактабгача таълим ташкилотида ҳам бўлди. Муассасада ишчи-ходимлар фарзандлари ва маҳалла болажонларининг сифатли таълим-тарбияси учун яратилган шароитлар билан танишди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА