Далмунобод маҳалласи қайта “қад ростламоқда”
“Далмунобод” маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод хонадон – обод кўча –обод маҳалла” дастури мезонларини жорий этиш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га мувофиқ жорий йил сентябрь ойининг дастлабки ўн кунлигида масъул мутасаддилардан иборат ишчи гуруҳларнинг уйма-уй юриб ўрганиши туфайли 275 та хонадонда хатлов ўтказилди. Аҳоли талаб ва мурожаатига биноан етмишдан ошиқ муаммо аниқланди.
– Айни пайтда Далмун, Қораулон, Хўжалар, Арбобон, Қалъа қишлоқларини ўзида бирлаштирган маҳалламизда 581 та хонадон ва 922 та оила бўлиб, уларда истиқомат қилаётган аҳоли сони 3340 нафарга етган, – дейди “Далмунобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шоҳиддин Носиров. – Аҳолининг 1670 нафарини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Алоҳида тоифаланган серфарзанд оила 198 та бўлса, кам таъминланган эҳтиёжманд оила сони 145 тани ташкил этмоқда. Шу қаторда боқувчисини йўқотган 5 та оила, нотинч ва носоғлом деб топилган 3 та оила, қолаверса, профилактик ҳисобда турган 20 нафар, чет элдан депортация қилинган 5 нафар маҳаллладошимиз билан тизимли ишларни олиб бормоқдамиз. Албатта, ўрганишлардан сўнг ҳозир мавжуд 194 нафар ишсиз фуқаро бандлигини таъминлаш чораси кўрилмоқда.
Чекка қишлоқ жойида томорқа ери мўмай даромад манбаи. Шу маънода ҳозир “Далмунобод”да ҳам 581 та оила ўз томорқасига эга. Яна 30 тага яқин хонадон иссиқхона хўжалигини юритмоқда. Экин еридан олинаётган даромад ҳисобидан ҳовли-жойларда парваришланаётган қорамол сони 500 дан зиёд ва аҳоли оғилхонасидаги қўй-эчкиси ҳам 3 минг бошдан кам эмас. Хонадонларда боқилаётган парранда сони 3 минг бошдан ошмоқда. Айни кунда ўндан зиёд ҳовлида асаларичилик, 3 та хонадонда қуёнчилик, 2 та оилада эса балиқчилик ташкил қилинган.
Шу каби тармоқларда олиб борилаётган ишлар туфайли маҳалла “Темир дафтари”га киритилган оилалар сони 10 тагача, “Аёллар дафтари”дан ўрин олганлар сони бултурги 120 нафардан қайта тузилган рўйхатга кўра 93 нафарга қисқаргани, “Ёшлар дафтари”даги йигит-қизлар эса 38 нафардан 6 нафаргача тушгани ҳам эришилган муайян ютуқлардан, албатта.
Гап ҳудуд инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқларига бориб тақалар экан, бу борада шай қилиниши зарур бўлган ишлар талайгина экани боис, далмунободликлар маҳалласи алоҳида дастур асосида қайта “қад ростламоқда”. Хусусан, ҳудудда қишлоқлараро 12 километрдан ошиқ ички йўлнинг 4,5 километри таъмирталаб аҳволда. Электр токи таъминотида аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган муаммо – узилишлар кўплиги тармоқ техник жиҳатдан носозлиги асорати ҳамдир. Шу боис, бугунга келиб қарийб 2 километр масофадаги электр тармоғига “SIP” русумидаги янги кабелни тортиш, эскириб яроқсиз ҳолга келган 38 та симёғочни темир-бетон устунга алмаштириш, яна шунча қўшимча мустаҳкам устун ўрнатиш, мавжуд 6 та трансформатор пунктидан 2 тасини таъмирдан чиқариб, яна 2 та трансформатор пунктини янгидан ўрнатиш, кўчаларни 60 та тунги ёритиш чироғи билан таъминлаш, шу қаторда, аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талабини инобатга олиб, 6,5 километр масофага водопровод қувурини тортиш, қолаверса, ҳудудда йиғилиб қолган 150 тонна атрофидаги чиқинди-ахлатни ташиб чиқариш каби вазифалар кўндаланг турибди.
Ҳозирда барча тармоқ хизматлари ўз куч ва имкониятларидан фойдаланиб, ҳудудда тозалаш-ободонлаштириш, таъмирлаш-тиклаш ва янгилаш ишларига сафарбар қилинган. Кундалик бажарилаётган иш штабда муҳокама қилиниб, мувофиқлаштириб борилмоқда. Асосан, табиий газ билан таъминланган ҳудудда эскирган ва янгиланишга муҳтож 700 метр қувур таъмирланган. Қолаверса, 19 та газ тақсимлаш шохобчаси (ГРП) таъмирталаб ҳолдалиги баробарида газ етиб бормаган 62 та хонадонни суюлтирилган газ тўлдирилган маиший баллон билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Туман йўлсозлари томонидан кўчалар бўйлаб 1,5 километр ички йўлни асфальтлаштириш, 2,8 километр йўл қисмини шағаллаштириш, қолаверса, 1,5 километр масофага пиёдалар йўлагини қуриш ишлари бажарилмоқда. Дарвоқе, маҳалада бораётган саъй-ҳаракат баробарида 9 километрдан ортиқ сув йўли – ариқ, латок тозаланиб, 2 та қабристон атрофи ободонлаштирилмоқда.
[gallery-13742]
Шу билан бирга, ҳадемай замонавий кўриниш ҳосил қиладиган маҳалла марказида аҳоли сайилгоҳи, болалар ўйин майдончаси, спорт майдони, минифутбол майдонини қуриб фойдаланишга топшириш мақсад қилинган. Ҳудудда 120 нафар жажжи ўғил-қизни ўз бағрига олган 18-сон “Ҳумо” давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 21-сон оилавий шифохона пунктини рисоладагидек кўринишга келтириб, деярли 500 ўқувчисига эга 38-сон умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш учун таклифлар ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Бунинг учун 12 миллиард сўм атрофида маблағ молиялаштирилиши лозим бўлади. Қолаверса, айни пайтда Бухоро вилояти Жондор тумани “Далмунобод” маҳалла фуқаролар йиғини алоҳида маъмурий идора биносига муҳтож. Шу боис, яқин ойларда бу лойиҳа ҳам рўёбга чиқади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА