Даладаги мол ўғриларнинг “ўлжаси”га айланди
Болага ёшликданоқ ҳаром билан ҳалолнинг фарқини тушунтириш биринчи навбатда ота-онанинг вазифаси. Тўғри тарбия асосида улғайган фарзандлар жиноятга қўл урмайди. Энг муҳими, бировнинг моли ва ҳаёти учун ўйлаб қадам ташлайди. Аммо, эътибордан четда қолган, қаерда, ким билан юрганини суриштирилмайдиган болаларни “кўча тарбиялайди”.
Тошкент вилояти Бекобод туманида қора мол ўғрилиги билан боғлиқ жиноятни содир этган шахслар ҳам оғирни устидан, енгилни остидан юришни ўзларига касб қилиб олган ёш, билаги кучга тўлган йигитлар бўлиб чиқди. Уларни Бекобод туман ИИБ ЙҲХБ ходимлари Эркин Саидқулов ва Хотамбек Бобоев тезкор қидирув тадбирлари давомида аниқлади.
Маълум бўлишича, жорий йил 4 февраль куни соат тахминан 13:30 ларда Бекобод шаҳрида яшовчи, 1998 йилда туғилган А.И. тенгдоши А.Ш. билан ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш мақсадида ўзаро жиноий тил бириктирди. Ҳудудда яшовчи фуқаро М.О. га тегишли, далага боғлаб қўйилган, умумий нархи 8 миллион сўм бўлган бир бош сигирни ўғрилаб, уни сотиш мақсадида танишлари Х.Х.ни чақириб, унга тегишли бўлган автомобилга юклаб олиб кетади.
Мол боқиб юрган одамлар унинг тахминий нархини бир қарашда аниқлашади. Сотилаётган қора мол нима учун арзон эканини ўйлаб ҳам кўрмаган фуқаро, 1986 йилда туғилган М.Х. эса уни 5 миллион 300 минг сўмга сотиб олади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.