Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Тошкент вилоятида аграр соҳада амалга оширилаётган ишлар, дала майдонларидаги агротехник тадбирлар ҳолати билан яқиндан танишди.
Хусусан, Ўрта Чирчиқ туманидаги “Real ashuro group” пахта-тўқимачилик кластерига қарашли пахта даласи кўздан кечирилди. Бу ерда ғўзанинг маҳаллий “Султон” нави экилган бўлиб, чигитларнинг ўз вақтида униб чиқиши назоратга олинмагани боис, ғўзалар сийрак бўлиб қолган. Ғўзаларнинг ҳосилга ўтиши яхши бўлса-да, қатор ораларини бегона ўтлар босган.
Вазир ғўза ҳолатини кўздан кечириш билан бирга бу ердаги дала маданиятига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Чунки дала четларида одатдагидан кўра кўпроқ ер майдонлари фойдаланилмасдан қаровсиз ҳолда қолдирилган. Бугунги кунда далада меҳнат қилаётган ҳар бир инсон манфаатдорлик ҳақида ўйлаганда ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш устида бош қотирсагина меҳнати самарали бўлиши бор гап. Шу боис, дала четларидан оқилона фойдаланмасдан, турли важлар келтириш асоссиз экани таъкидлаб ўтилди.
Кейинги манзил Пискент тумани бўлди. Мазкур ҳудуддаги 76 гектарли далада Хитойдан келтирилган пахта навлари экилган. Бироқ, агротехник тадбирлар яхши ташкил этилмагани, суғоришда сусткашликка йўл қўйилгани сабаб экинларнинг ҳолати ачинарли. Бунда фермерларнинг тажрибасизлик билан олиб борган ишлари кескин танқид қилинди. Шунинг учун фермерларни қайта ўқитиш таклифи берилди. Таклифга кўра, соҳа мутахассислари учун Республиканинг турли ҳудудларида ҳам назарий, ҳам амалий услубда ўқитиш ишлари ташкил этилади.
Вазир аҳоли томорқаларида бўлиб, хонадон соҳиблари билан суҳбатлашар экан, юртимиз бўйлаб оммалаштирилаётган Сайхунобод тажрибасининг мазмун-моҳиятини тушунтирди. Шунингдек, хонадон ва томорқа маданиятини шакллантириш бўйича ҳар бир инсон қўшниларига ўрнак бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Режа бўйича вазир Юқори Чирчиқ туманидаги “Eco agro product” фермер хўжалиги томонидан барпо этилган интенсив боғ ҳамда экспорт қилишга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қадоқлаш ва сақлаш жараёни билан танишди. Интенсив боғ 138 гектар ер майдонида барпо этилган бўлиб, экспортбоп олма, нок, олхўрининг жаҳон бозорида харидоргир бўлган кўплаб навлари етиштирилади. Бу ерда 22 та доимий ва 300 та мавсумий иш ўрни яратилган.
Туташ ҳудудда эса 4,5 минг тонна сиғимга эга бўлган замонавий музлатгичли омбор фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Боғдан йиғиб олинган мевалар айнан мана шу ерда мўътадил ҳароратда сақланади. Боғни кўздан кечирган вазир, бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мана шундай замонавий талабларга жавоб берувчи интенсив боғларни кўпайтириш, бу орқали нафақат юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, балки экспорт салоҳиятини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтди.
Паркент тумани “Курюшон” МЧЖ дала шийпонида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъуллари, вилоятнинг қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиқлари, тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган мулоқот ўтказилди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда масъулларга топшириқлар берилди.
А.Мусаев,ЎзА.