Дала ишлари қизғин: ҳосил учун муҳим палла
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугун қишлоқ хўжалигида масъулиятли ва долзарб палла кечмоқда. Айни кунлардаги ҳар бир агротехник тадбир келгуси ҳосил тақдирида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Хусусан, ғалла майдонларида минерал ўғитлар билан озиқлантириш, бегона ўтлар, касалликлар ва зараркунандаларга қарши кураш ишлари белгиланган муддат ва меъёрлар асосида амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, чигит экиладиган майдонларда ерни сифатли тайёрлаш, жумладан, бараналаш ишлари ҳам жадал суръатларда олиб борилмоқда.
[gallery-28463]
Наманган вилояти Чортоқ туманидаги “Жамшид Иброҳим Шоҳжаҳон” ҳамда “Анортоғ” фермер хўжаликларида ҳам бу ишлар уюшқоқлик билан ташкил этилган. Миришкор деҳқонлар ҳар бир агротадбирни масъулият билан бажариб, мўл ва сифатли ҳосил етиштиришни асосий мақсад қилиб олган.
Шунингдек, ҳудудда сув ресурсларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Замонавий ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий этилмоқда. Хусусан, “Жамшид Иброҳим Шоҳжаҳон” фермер хўжалигида “Шинжон” усулидаги суғориш тизимини ўрнатиш ишлари бошланган.
Мазкур технологияда сув махсус қувурлар орқали босим билан узатилиб, майда томчилар шаклида майдонга тенг тақсимланади. Бу эса сув тежалиши, тупроқ намлигининг барқарор сақланиши ва экинлар ривожи учун қулай шароит яратишга хизмат қилади.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай илғор усулларнинг жорий этилиши меҳнат унумдорлигини ошириш, харажатларни камайтириш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришишда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА