Дала-деҳқончилик ишлари: таҳлил ва танқид
Таъкидланишича, айни кунда ҳудудда 732 та фермер хўжалиги жами 23 минг 887 гектар майдонда деҳқончилик қилиб келади.
Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов бошчилигидаги вилоят секторлари раҳбарлари дала-деҳқончилик ишларига кўрилаётган тараддуд, жойларда фермер хўжаликлари томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан танишиш мақсадида Жондор туманида бўлди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда пахтачилик, ғаллачилик, пиллачилик, қолаверса, боғ-токзорларда етиштирилиши лозим бўлган ҳосилга тайёргарлик масалалари муҳокама этилди.
Таъкидланишича, айни кунда ҳудудда 732 та фермер хўжалиги жами 23 минг 887 гектар майдонда деҳқончилик қилиб келади. Шундан, пахта-ғаллачилик йўналишида 370 та фермер хўжалиги тасарруфида 21 минг 426 гектар ер майдони мавжуд. Жорий йил ҳосили учун пахта-тўқимачилик кластери “WBM ROMITEX” МЧЖ томонидан ҳудуддаги 392 та фермер хўжалиги билан 13700 гектар майдоннинг ҳар гектаридан ўртача 28 центнердан, жами 38 минг 200 тонна қимматбаҳо саноат хом ашёси етиштириш бўйича шартнома имзоланган.

2020 йил ҳосили учун туманда чигит экиладиган 13700 гектар майдоннинг аксар қисмида шўр ювиш тадбирлари якунланган. Аммо 8 та фермер хўжалигининг 38 та контурида 211 гектар майдонда ҳанузгача шўр ювиш тадбирлари амалга оширилмаган. “Зарафшон”, “Самончуқ”, “Хумдонак”, “Пўлоти”, “Қароли” каби МФЙлардаги “Тўлисов Ғайрат Ғафурович”, “Илёс Нормурод замини”, “Зарзамин Хумдонак”, “Бехруз”, “Бўрибоғлик Элдорбек” каби фермер хўжаликлари юқоридаги агротехник тадбирларни бажаришда сусткашликка йўл қўйган. “WBM ROMITEX” МЧЖ тасарруфидаги экин ерининг 91 гектарида ҳам бундай ҳолатни кўриш мумкин.
Туманнинг жорий йилги ғалла ҳосили учун 392 та фермер хўжалигида ёки 6714 гектар майдонда ғалла парвариш қилинмоқда. Ғалла контурларидаги майсалар туплаш фазасига кирган. Бироқ туманда 33 та фермер хўжалигининг 301 гектарида ғалла парваришида қолоқликка йўл қўйилган бўлиб, ўсиш ва ривожланишдан ортда қолмоқда. Бундай аҳволни “Озод-Озода”, “Хадичабегим чорваси”, “Жаҳонгир Жамшид”, “Аскар Мунаввар Лазизбек”, “Тожи Камар” каби фермер хўжаликларида кузатиш мумкин. Экин майдонларига маҳаллий ўғит киритиш, ғалла контурларида бир неча босқичли суспензиялаш жараёнида ҳам камчиликлар талайгина.
Бугунгача туманда лойиҳалаштирилган 80 гектар токзордан 50 гектари ўтган йили барпо этилган. Юз гектарда режалаштирилган интенсив боғ, яъни мевазордан 20 гектари яратилган. Аммо “Оазис Агро” МЧЖда 8 гектарда интенсив боғ, 30 гектарда ҳалигача токзор барпо этилмаган. “Агро Траде” МЧЖга эса ажратилган 72 гектарда интенсив боққа ҳалигача кўчат қуриш бошланмаган.

Албатта, кўзланган натижага эришиш, ҳар гектар экин еридан самарали фойдаланишда техника паркини соз ҳолга келтириш жуда муҳим. Туманда 13 минг 700 гектар майдонда сифатли ва ўз муддатида чигит экиш учун 40 та юқори унумли чигит экиш сеялкаси талаб этилсада, амалда 26 та “КЕЙС” ва “KYUN” юқори унумли экишгичлари мавжуд, холос. Ғалла ўришда ҳам 14 дона “КЕЙС” ва “КЛАСС ДОМИНАТОР-130” комбайни мавжуд.
Йиғилишда муҳокама қилинган долзарб масала юзасидан туман мутасаддиларига зарур топшириқлар берилди ва ишларни бажариш муддати белгиланди. Агротехник тадбирларга панжа орасидан қараётган баъзи қолоқ фермер хўжаликларига туман ташкилотларидан вакиллар бириктирилди.
Шунингдек, туманда жами 546 гектар майдонга эртанги сабзавот, 120 гектар майдонга полиз, 12 гектар майдонга эртанги картошка, қолаверса, 165 гектарда помидор, 120 гектарда бодринг ва карам, яна юз гектардан зиёд майдонда бошқа сабзавот экинлари экиш ишларини тезроқ бошлаш, эрта баҳорнинг ҳар кунидан унумли фойдаланишга доир тавсиялар ишлаб чиқилди.
