“Дафтар ҳошиясидаги битиклар” тожик тилида нашр этилади
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган “Жамиятда инсон ҳуқуқлари ва мулоқот маданиятини юксалтиришда ННТлар фаоллигини ошириш” ҳамда “Туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, маҳалла ва оилаларда соғлом турмуш тарзини ва аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашда жамоатчиликни кенг жалб қилиш” мавзусидаги давлат гранти иккинчи ва учинчи танловлари ғолиблари аниқланди.
Иккинчи танловда 6 та, учинчи танлов бўйича 4 та ғолиб аниқланиб, уларнинг ҳар бирига 30 миллион сўмдан грант ажратишга қарор қилинди.
Жумладан, Карлар жамияти Самарқанд вилояти бўлими “Ҳаёт йўлларида инсон матонати” лойиҳаси билан, Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси Самарқанд вилоят бўлими “Ёшлар ва оилалар ўртасида мулоқот ва интернет тармоғидан самарали фойдаланиш маданиятини тарғиб қилиш” лойиҳаси билан, Ургут туманидаги “Ипакли” маҳалла фуқаролар йиғини маҳалладаги “Ипак ота” зиёратгоҳини обод қилиш орқали туризм қишлоғини ташкил этишга оид лойиҳаси учун ғолиблар қаторида эътироф этилди.
– Бу йил юртимизда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг 80 йиллиги кенг нишонланмоқда, – дейди Самарқанд вилояти тожик ва тожикзабон миллий маданий маркази раҳбари А.Маҳмудов. – Буюк ёзувчимиз ижодий меросидан ёш авлодни баҳраманд этиш мақсадида “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобини тожик тилида (“Қайдҳо дар хошияхои дафтар”) таржима қилиб, чоп этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқиб, танловда қатнашдик. Ташаббусимиз қўллаб-қувватланиб, грант ажратилганидан хурсандмиз.
Шунингдек, танловда Самарқанд вилоятининг чекка ҳудудларида ёшларнинг спорт билан шуғулланишга жалб қилишга кўмаклашиш учун вилоят енгил атлетика федерациясига, “Маҳалла – аҳолига таянч ва суянч” лойиҳаси учун Нарпай туман "Фаровон" маҳалла фуқаролар йиғинига, қишлоқлардаги ногиронлиги бор хотин-қизлар ва ёшларни тадбиркорлик, ҳунармандчиликка жалб қилиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш лойиҳаси учун Ногирон аёллар уюшмаси Пастдарғом туман бўлимига ҳам 30 миллион сўмдан грант маблағи ажратиладиган бўлди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА