Cтратегия мазмун-моҳияти батафсил тушунтириб берилди
Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлисида тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида жойларда семинарлар ташкил этилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири “Ўзбекистон темир йўллари” АЖда бўлиб ўтди.
Сенатор М.Қодирхонова Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси мазмун-моҳияти тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтди. Хусусан, Стратегия эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш ҳамда инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига риоя қилиш мақсадида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда гендер тенглик тарғиб қилинишини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканлиги таъкидланди.
Семинарда Ўзбекистонда гендер масалаларига оид миллий қонунчилик, хусусан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳияти, шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда ҳимоя ордерининг аҳамияти ҳақида ҳам сўз борди.
Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимида меҳнат қилаётган хотин-қизлар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодекси ва бошқа қонуний ҳужжатларда аёллар учун кўрсатилган имтиёзлардан тўла фойдаланмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, айни кунларда темир йўл тизимида 90 минг нафардан зиёд темирйўлчилар хизмат қилмоқда. Уларнинг 16 минг 625 нафари хотин-қизлардан иборат бўлиб, бу кўрсаткич умумий ишловчилар сонига нисбатан 18 фоизни ташкил этади.
Темир йўл тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда 40 га яқин бошланғич ташкилот раислари фаолият кўрсатади. Мустақиллик йилларида темирйўлчи аёлларимиздан 37 нафари турли даражадаги давлат мукофотлари, 113 нафари “Фахрий темирйўлчи” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ҳозирда тизимда меҳнат қилаётган хотин-қизлар муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатлари (Аёллар дафтари)ни тузиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш, реабилитация воситалари билан таъминлаш ишларига кўмаклашиш мақсадида ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган. Ишчи гуруҳ томонидан ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган хотин-қизларнинг яшаш тарзи, муаммолар тўлиқ ўрганилиб, жамият бошқарув раисининг тегишли буйруғига асосан 294 нафар темирйўлчи аёлга 1 миллион сўмдан моддий ёрдам берилди. Шунингдек, уларнинг уй-жойлари таъмирланди, тиббий, ҳуқуқий, психологик ёрдамлар кўрсатилди.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА