Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Янгиликлар сайти”да 2023 йил 6 январь куни эълон қилинган мақолада шу мавзуда фикр юритилган. Яъни, БМТ Мустақил экспертлар гуруҳи “Твиттер” ижтимоий тармоғи соҳиби ўзгарганидан сўнг ушбу Интернет-манба саҳифаларида ирқчиликка урғу берилган ахборотлар ҳажми кескин кўпайганидан ташвиш билдирган.
Бу ўринда, хусусан, келиб чиқиши африкалик бўлган инсонларга нисбатан “Твиттер” ижтимоий тармоғида номақбул сўзлар ишлатилиши тобора ортаётгани ҳақида сўз бормоқда. Шу муносабат билан БМТ Мустақил экспертлар гуруҳи медиакорпорациялар раҳбарларини шошилинч чоралар кўришга чақирди.
Айни мавзудаги баёнот БМТ Мустақил экспертлар гуруҳининг ўнлаб аъзолари томонидан имзоланган. Баёнотда қайд этилишича, “Твиттер” ижтимоий тармоғи соҳиби ўзгарганидан кейин дастлабки 12 соат ичида, АҚШнинг Ратгер университети ҳузуридаги Тадқиқот институти маълумотларига қараганда, мазкур ижтимоий тармоқда келиб чиқиши африкалик бўлган инсонларга нисбатан “н” ҳарфи билан бошланадиган номақбул сўзни ишлатиш ҳолатлари беш баробарга ошган.
Халқаро экспертларнинг фикрича, бу ҳолат “Твиттер” ижтимоий тармоғидаги троллинг, яъни муайян жамоатлар томонидан ва номаълум ҳолда ишлатиладиган ижтимоий провакация ёки онлайн мулоқотдаги безорилик билан боғлиқ. Аслида, айни тармоқда нафратни тарғиб этишга йўл қўйилмайди.
Шунга қарамай, баъзи ижтимоий тармоқларда ҳозирги вақтда келиб чиқиши африкалик бўлган инсонларга нисбатан душманлик кайфиятини кучайтирадиган ахборот тарқатилаётгани чуқур ташвиш уйғотмоқда. Шу муносабат билан бундай носоғлом хатти-ҳаракатларга нисбатан инсон ҳуқуқлари мезонларига мутаносиб равишда тезкор жавоб чоралари кўрилиши талаб этилади.
Душманлик кайфиятини кенг ёйиш – миллий, ирқий ёки диний мансубликдан келиб чиқадиган зўравонликнинг ўзига хос салбий ифодасидир. Бу, ўз навбатида, ижтимоий тармоқларда ирқий нафрат аланга олишига сабаб бўлади. БМТ Мустақил экспертлар гуруҳи вакиллари қайд этишларига қараганда, бундай ҳолат нафақат “Твиттер”, балки Интернетнинг “Мета” компаниясига қарашли бошқа ижтимоий тармоқларга ҳам тааллуқлидир.
Табиийки, айрим корпорациялар мутасаддилари ирқий нафрат тарғиботига қарши изчил кураш олиб борилаётганини уқтирмоқда. Аммо, БМТ мустақил экспертлари бу борада эзгу сўз билан эзгу амал бир-бирига мос келмаяпти, деб ҳисоблайди.
Бундай номатлуб воқеликлар, айниқса, сайловлар арафасида “Фейсбук” саҳифаларида провакация, яъни шахсларни салбий оқибатларга олиб келадиган муайян ҳаракатларга ундашга қаратилган рекламаларнинг жойлаштирилиши, дезинформация – ёлғон ахборот эълон қилиниши, шунингдек, фитна назариясининг муккадан кетганча тарғиб этилиши каби ҳолатларда яққол намоён бўлмоқда.
Хусусан, “Global Witness” ва “SumOfUs” ташкилотлари ўтказган тадқиқотлар натижасида “Мета” компанияси ўзи томонидан яқиндагина эълон қилинган шубҳали мазмундаги рекламани блоклаб қўйишга лаёқати етмаслигини амалда билдириб қўйгани аниқланди. Натижада кўпсонли шикоятларга жавоб тариқасида мазкур компания қатъий қадамлар қўйишига – 2020 йили Кузатув кенгашини таъсис этишига тўғри келди.
Кузатув кенгашидан жой олган турли соҳа бўйича экспертлар зиммасига, биринчи навбатда, “Фейсбук” ва “Инстаграм” саҳифаларида жойлаштирилаётган маълумотларга нисбатан, холис ва мустақил ёндашган ҳолда, фикрни ифода этиш эркинлиги принципи талабларини татбиқ этиш вазифаси юкланди. Шунингдек, компаниянинг айни йўналишдаги самарали сиёсатига оид умумий тавсияларни ишлаб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу асосда Кузатув кенгаши қарийб икки миллионта мурожаатни ўрганиб чиқди ва бир қатор тавсияларини эълон қилди. Лекин, экспертларнинг тахминича, Кузатув кенгаши ишининг самарадорлигини баҳолаш учун анчагина узоқ вақт керак бўлади.
Қолаверса, ушбу Кенгаш фаолияти ижтимоий тармоқлар раҳбарларининг нафрат ва душманлик кайфиятига қарши курашиш учун мавжуд механизмларни қайта кўриб чиқиш ва янгича талабларга мослашга нечоғлик тайёр эканига бевосита боғлиқдир. БМТ инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг хавотирларига кўра, бу йўналишдаги ўзгаришларга фойда олишга тааллуқли бўлган тор манфаатлар халал бериши эҳтимоли йўқ эмас.
Шу маънода, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк яқинда “Твиттер” ижтимоий тармоғи раҳбари Илон Маскка мактуб йўллаб, матбуот эркинлиги принципи хавфли уйдирма маълумотларни тарқатиш учун индульгенция, яъни ўзига хос рухсатнома бўлиб хизмат қилиши мумкин эмаслиги ҳақида уни огоҳлантиргани бежиз эмас. Ф.Тюрк таъкидлаганидек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги нормаларга кўра, камситиш ва зўравонликлар “оловига ўтин қалайдиган” нафрат ва душманликни тарғиб этувчи ахборотнинг тарқатилишини тақиқлаш масаласи айрим ҳолларда фикрни ифода этиш эркинлигига нисбатан устувор аҳамият касб этади.
Ўз навбатида, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бу борадаги сиёсатни белгилаб олишда БМТнинг Ирқий камситиш бўйича халқаро конвенцияси, Фуқаролик ва иқтисодий ҳуқуқлар бўйича халқаро пакт, шунингдек, Тадбиркорлик фаолиятининг инсон ҳуқуқлари соҳаси билан боғлиқ раҳбарий принциплари нормаларига таянишни тавсия этди.
Шу ўринда 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном берилгани замирида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олиб бораётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз”.
Албатта, бутун дунёда радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик кучайиб бормоқда ва, афсуски, бундай хатарлар бизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Ҳозирги шундай мураккаб даврда мамлакатимизда миллатлараро дўстлик, диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ижтимоий бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш учун давлатимиз ва жамиятимиз бор куч-имкониятларини сафарбар этмоқда.
Ўзбекистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ ҳолат қандай? Ростини айтганда, сўнги йилларда бу борада йўлимизда тўғаноқ бўлиб турган улкан харсанглар жойидан жилди.
Бу ҳақда сўз борганда, хусусан, кейинги даврда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг алоҳида резолюцияси билан Интернет тармоғидан фойдаланиш эркинлиги асосий инсон ҳуқуқларига тенглаштирилганини алоҳида таъкидлаш зарур. Бунда 2017 йили 20 та мамлакатга мансуб 10 минг нафар Интернет фойдаланувчиси ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровда сўралганларнинг 83 фоизи Интернет тармоғидан фойдаланиш эркинлиги асосий инсон ҳуқуқларидан бири сифатида эътироф этилишини маъқуллагани муҳим аҳамият касб этди.
Конституциявий ислоҳотлар доирасида кенг жамоатчилигимиздан фикр, сўз, ва матбуот эркинлиги имкониятларини янада кенгайтиришга оид кўплаб таклиф ва тавсиялар келиб тушди. Айни вақтида ушбу таклифлар Асосий Қонунимиз матнида ўз аксини топмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида Ахборот кодексини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Ушбу Кодекс лойиҳаси ахборот олиш эркинлиги, инсоннинг ахборот маконидаги ҳуқуқлари, киберхавфсизликни таъминлаш, медиамаданият ва онлайн-гигиенага оид бир қатор қонунларни ўзида мужассам этиши ҳамда тизимлаштириши лозим.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикаси Ахборот кодекси лойиҳаси Интернетда жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинди. Яқин орада айни Кодекснинг ҳар томонлама юксак талабларга мос ҳамда мутаносиб ҳолда қабул қилиниши Ватанимизда инсон қадри янада юксалишида, жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётида муҳим аҳамият касб этишига шубҳа йўқ.
Ғулом МИРЗО