“Coca-Cola” ишлаб чиқариш ҳажми янада ортади
“Coca-Cola” Ichimligi Uzbekiston, Ltd.” хорижий корхонаси бош директори Эзел Агаоглу бошчилигидаги делегация амалий таклиф билан Наманган вилоятига келди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Наманганда “Coca-Cola” ичимлиги ишлаб чиқарилиши орқали яратилган иш ўринлари, корхонанинг сифат учун ишлаши, келгусида фаолият кўламини кенгайтириш режалари ҳақида гапирди. Айниқса, хизмат кўрсатиш, хусусан, туризм имкониятлари кенгайиб бораётгани, айниқса, гуллар шаҳри – Наманганда ҳар йили анънавий тарзда халқаро гуллар фестивали ўтказилишининг ўзида ушбу маҳсулотга бўлган талабнинг ортиб бораётганини таъкидлади.
Наманган шаҳрида бир неча йиллардан буён жаҳонга машҳур “Coca-Cola” ичимлиги ишлаб чиқарилади. Аммо кейинги пайтларда вилоятда ушбу маҳсулотни ишлаб чиқаришда бир мунча пасайишлар кузатилган эди. Бугунги кунда ушбу компания раҳбарияти 30-40 йиллик истиқболни ҳисобга олган ҳолда ривожланиш дастурини тузган.
[gallery-4975]
– Биз ҳамкорликни кенгайтириш учун айнан Наманган вилоятини танлаганмиз, – дейди учрашувда “Coca-Cola” Ichimligi Uzbekiston, Ltd.” хорижий корхонаси раҳбари Эзел Агаоглу. – Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Кейинги йилларда тадбиркорлик ва сервис каби соҳалар ривожланаётган, аҳоли сони кескин ўсаётган Намангандаги фаолиятимиз брендимиз учун ишончли бозор ва тараққиёт гарови ҳисобланади.
Делегация аъзолари ташриф давомида Намангандаги бир қатор кичик саноат зоналари, эркин иқтисодий саноат зоналари фаолияти билан танишади. Компаниянинг янги ишлаб чиқариш тармоқларини ўрнатиш учун истиқболли режалар атрофлича муҳокама қилинади.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА